Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда Имом Бухорий, Имом Термизий асарлари чоп этилади ва кенг оммага етказилади

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида маълум қилинди.
Унинг сўзларига кўра, биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик. Бу ҳақда гапирар эканмиз, аввало, учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз, бутун жамиятимиз чуқур англаб олиши керак.
“Тарихга назар солсак, Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган она заминимиз азалдан юксак цивилизация ва маданият ўчоқларидан бири бўлганини кўрамиз. Халқимизнинг бой илмий-маданий мероси, тошга муҳрланган қадимий ёзувлар, бебаҳо меъморий обидалар, нодир қўлёзмалар, турли осори атиқалар давлатчилик тарихимизнинг уч минг йиллик теран илдизларидан далолат беради. Мен юқорида Аристотелнинг фикрларини бежиз эсламадим. Ҳаммангизга яхши маълум, антик даврда Юнонистонда ёнган илм машъаласи тўққизинчи – ўн иккинчи асрларда Марказий Осиё ҳудудида қайта порлади. Бу даврда юртимиз ҳудудида биринчи Ренессанс юзага келди ва у бутун дунё тан оладиган машҳур даҳоларни етиштириб берди. Хусусан, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий сингари ўнлаб буюк алломаларимизнинг жаҳоншумул илмий-ижодий кашфиётлари умумбашарият тараққиёти ривожига беқиёс таъсир кўрсатди”, - таъкидлади Мирзиёев.
Унинг фикрига кўра, “Ислом маданиятининг олтин асри” деб эътироф этиладиган бу даврда она заминимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий каби улуғ уламолар бутун мусулмон оламининг фахру ифтихори ва чексиз ғурури ҳисобланади.
“Ўн бешинчи асрда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз асос солган ва унинг муносиб авлодлари давом эттирган муҳташам салтанат, юртимизда иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди. Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилди. Донишманд халқимиз ҳар икки Ренессанс даврида жаҳоннинг энг илғор, тараққий этган халқлари қаторида бўлгани барчамизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди. Бир ўйлаб кўрайлик, аждодларимиз бундай юксак чўққиларга қандай эришганлар? Улар, энг аввало, жаҳолатга қарши маърифат байроғини баланд кўтариб, ўз ақл-заковати ва салоҳиятини башарият яратган илм-фан ютуқларини чуқур ўрганиш ва бойитишга бағишлаганлар. Тан олиш керакки, биз ана шундай бебаҳо меросга кўпинча фақат тарихий ёдгорликка қарагандай муносабатда бўлиб келмоқдамиз. Бундай тенгсиз бойликни амалий ҳаётимизга татбиқ этишда бепарволик ва эътиборсизликка йўл қўймоқдамиз. Ваҳоланки, бундай ноёб мерос камдан-кам халқларга насиб этган. Биргина Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти фондларида сақланаётган 100 мингдан ортиқ нодир қўлёзмаларга дунё аҳли ҳавас қилади. Биз бу ҳақиқатни ҳар томонлама теран англашимиз зарур. Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак. Бунинг учун олим ва мутахассисларимиз, ҳурматли уламоларимиз бу маънавий хазинани бугунги авлодларга содда ва тушунарли, жозибали шаклларда етказиб беришлари зарур.

Шу муносабат билан Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Мусулмонлар идораси, Халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази буюк мутафаккирларимизнинг илмий-маърифий ва маданий меросини фундаментал асосда нашрга тайёрлаш, чоп этиш ва кенг оммага етказиш, шунингдек, уни ўрганиш методикасини ишлаб чиқиб, амалда қўллаш чора-тадбирларини кўрсин. Бу масалага Бош вазир ўринбосари Б.Мусаев масъул этиб белгиланади”, - ўз сўзини якунлади давлат раҳбари.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1814 times

Янгиликлар

Top