Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари сайёҳлар оқимини жадаллаштириш, айниқса зиёрат-туризмни ривожлантириш зарурлигини қайд этишди

9 ноябрь куни Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларнинг иккинчи раунди видеоконференция шаклида бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда ТИВ матбуот хизмати.
ТИВ маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикаси делегациясига Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов, Бирлашган Араб Амирликлари делегациясига Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирининг ўринбосари Халифа Шаҳин ал-Марар бошчилик қилди.
Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни кенгайтиришга урғу қаратган ҳолда икки томонлама муносабатларнинг ҳолатини атрофлича кўриб чиқди, БМТ, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Жаҳон Савдо Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро алоқаларнинг амалий жиҳатлари тўғрисида фикр алмашди.
Инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва сайёҳлар оқимини жадаллаштириш, айниқса зиёрат-туризмни ривожлантириш зарурлиги қайд этилди. Амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон-БАА инвестиция компанияси фаолиятини ривожлантиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани тасдиқланди.
БАА томони Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурган барча ташаббусларини қўллаб-қувватлади, шунингдек, узоқ муддатли афғон можаросини тинч йўл билан ҳал этиш, Афғонистонни минтақавий савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит соҳасидаги ҳамкорликка жалб қилиш бўйича Ўзбекистон олиб бораётган сиёсатга юқори баҳо берди.
2020-2021-йилларга режалаштирилган қўшма тадбирларнинг жадвали ва кун тартиби, парламентлараро мулоқотни ўрнатиш ва ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини кенгайтириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Маслаҳатлашувлар доирасида умумий кун тартибнинг бошқа масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 2019 times

Янгиликлар

Top