Ўзбекистон янгиликлари

Халқаро ногиронлар куни муносабати билан хайрия ёрдамлари кўрсатилди

“Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14-октябрдаги 47/3-сонли қарорига асосан ҳар йили “3 декабр – Халқаро ногиронлар куни” сифатида республикамизда кенг нишонланиши ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳатларнинг яққол исботидир.

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, айниқса, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд ногиронлиги бор шахсарга ҳаётда кенг имконият ва шароитлар яратиб бериш масаласига алоҳида аҳамият бериб келинади.

Ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидагича дуо қилгани саҳиҳ санадлар ила ривоят қилинган: “Эй Аллоҳ, мискин ҳолимда ҳаёт бер! Мискин ҳолимда жонимни ол! Ҳашр куни мискинлар гуруҳида тирилтир!” (Ибн Можа/41266).

Инсониятнинг афзали бўлмиш Ҳабибимизнинг бу дуолари, мискину ночорларни севганидан, уларга суянчиқлик шарафини билганидан, қадрига етганидан эди.
Ул зоти шариф ночорлар олдида ҳамиша камтарона бўлганлар. Қачонки ночорлар орасида ўтирса ёнма-ён ўтирган мискин тиззаларига ўзларининг муборак тиззаларини теккизиб яқин ўтирар, ҳеч улардан жирканмас, ўзини олий тутмас эдилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтган эканлар: “Пайғамбарларни қўллаб қуввватлаганлар ҳар доим мискинлар, фақирлар ночорлар бўлган”.

Муқаддас Ислом динимиз инсонга, қўни-қўшниларга, айниқса, ночор, эҳтиёжманд, ногиронлиги бор шахсларга меҳр-оқибатли бўлиш, улар ҳолидан хабар олиш, уларга ҳар ким қўлдан келганича, имкон қадар кўмаклашиш улкан ажру савобларга эриштириши таъкидлаб ўтилган. Бу каби хайрли ишлар, тадбирлар барчамизнинг асосий вазифамиз десак муболаға эмас.

Кеча, Муборак туманидаги диний соҳа ходимлари, отинойилар, ҳожи она, ҳожи отахонлар "Абдуллоҳ ибн Муборак" жоме масжиди имом-хатиби Ф.Аминов ташаббуси билан ҳомийлар кўмагида тумандаги 150 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга хайрия ёрдамлари кўрсатилди. Тумандаги ҳашаматли ва шинам "Регистон" ресторанида хайрия дастурхони ёзилиб, ош тарқатилди. Шунингдек, мазкур хайрия тадбирига ташриф буюрган 150 нафар ногиронлиги бор шахсларнинг ҳар бирига 150 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 2 та ногиронлар аравачаси ҳамда 4 та қўлтиқ таёқлари берилди.
Тадбир давомида Қуръони карим тиловат қилиниб, ўтган ҳақларига бағишланиб, дуои хайрлар қилинди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилоят вакиллиги матбуот хизмати

Read 1727 times

Янгиликлар

Top