Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбек астроном олими, самарқандлик Бобомурод Аҳмедов Ислом дунёси фанлар академияси аъзоси бўлди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Астрономия институти лаборатория мудири, физика-математика фанлари доктори, профессор, Бутунжаҳон фанлар академиясининг академиги Бобомурод Аҳмедов Ислом дунёси фанлар академияси (Islamic World Academy of Sciences, IAS)нинг аъзоси этиб сайланди.

2020 йилнинг 1 декабрь куни Иорданиянинг Уммон шаҳрида Ислом дунёси фанлар академияси Бош ассамблеясининг 22-ялпи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда янги аъзолар, шу қаторда ўзбекистонлик олим Бобомурод Аҳмедов ҳам сайланди.

Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Қарнаб қишлоғида туғилган Б.Аҳмедов бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Астрономия институти назарий астрофизика лабораторияси мудири сифатида фаолият юритиб келмоқда. У асосан умумий нисбийлик назарияси, гравитация назарияси, релятивистик астрофизика ва компакт гравитацион объектлар физикаси соҳасида илмий тадқиқотлар олиб боради. У майдон назарияси, гравитацион ўзаро таъсир назарияси, релятивистик ва ядро астрофизикаси соҳасидаги илмий-тадқиқотлар ва педагогик тажрибага эга. У шу соҳаларда 200 дан ортиқ илмий нашрларнинг муаллифи ҳамда xалқаро Scopus ва Google маълумотлар базасида Xirsh индекси мос ҳолда 27 ва 32 га тенг бўлган мамлакатда илмий ишларига энг кўп ҳавола қилинган муаллифлардан биридир.

“Йил олими – 2018” танлови ғолиби бўлган Бобомурод Аҳмедов бугунги кунда Деҳли марказий университетининг фаxрий профессори, Xалқаро назарий физика маркази (Италия)нинг релятивистик астрофизика ва гравитация фан йўналишлари аъзоси ва минтақавий координатори, Ҳиндистондаги Астрономия ва Астрофизика университетлараро маркази ва Тата фундаментал тадқиқотлар институти аъзоси. Шу билан бирга CNR, DAAD, TWAS, ICTP, Volkswagen, Erasmus+, KFUPM, PIFI, NATO каби халқаро грантлар раҳбари, "Arabian Journal of Mathematics" илмий журнали муҳаррири, “Ўзбекистон физикаси” журнали бош муҳарриридир.

Б.Аҳмедов Ўзбекистонда релятивистик астрофизика бўйича янги илмий мактаб яратган. У юртимизда ва xорижий илмий масканларда фан докторлари ва фан номзодлари илмий даражаларига эга xалқаро миқёсда тан олинган ва истеъдодли ёш олимларнинг улкан жамоасини тарбиялаган.

Ислом дунёси фанлар академияси (ИАС) Иорданиянинг Уммон шаҳрида жойлашган. Академия 1986 йилда Ислом мамлакатларининг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун фан ва теxнологияларни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган. ИАС академияси, шунингдек, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг (ИХТ) Илмий-теxникавий ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси ҳисобланади. Унинг аъзоси бўлиш ҳар бир олимнинг дунё ҳамжамияти томонидан тан олинишини англатади.

 Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА.

Read 1671 times

Янгиликлар

Top