Ўзбекистон янгиликлари

Истанбулдаги “Ўзбек қўналғаси”

ОАВ ходимлари учун Туркияда ташкил этилган Пресс-тур дастурининг Кўня билин боғлиқ тадбирлапри ниҳоясига етгач, иштирокчилар Истанбулга кўчишди. Ҳам Европа ҳам Осиёга дахлдор ушбу афсонавий шаҳар бўйлаб саёҳат Султон Аҳмад туманида жойлашган “Тўпкапи”, яъни тўп (пушка)ли дарвоза, тўрлар билан қуролланган макон маъносини англатувчи майдондан бошланди.

Константинопол (Истанбул)ни илк бор ишғол қилган туркий подшо, Маҳмуд томонидан қарийб 7 гектар ерда улкан сарой барпо этган. Бу жойлар 4 минг йиллар аввал афсонавий Троя ҳукмдорларига тегишли бўлган экан. Маълумки, машҳур Усмонлилар империяси тарихи 1299-1699 йиллар оралиғини ўз ичига олади. Аввалига “Янги сарой” деб номланган мажмуа таркибида турлича аталган 4 ҳовли ва ҳовлиларга кириш учун алоҳида 3 дарвоза мавжуд. 

Ёв ҳужумидан ўта кучли ҳимояланган, яъни уч томондан денгиз билан ўралган қулай ҳудуд эгалланиши Усмонлиларни дунёнинг ўша даврдаги энг қудратли давлатни барпо этишларида ҳал қилувчи аҳамият касб этган. Ҳукмдор оиласи, сарой аҳли учун ҳам яшаш ҳам иш жойи сифатида хизмат қилган мажмуадан туриб мамлакатни бошқариш учун зарур бўладиган барча шароитлар яратилган. Кўплаб турар-жойлар, боғлардан ташқари пул, танга ясаладиган зарбхона, хорижий меҳмонларни қабул қилишга мўлжалланган алоҳида қароргоҳ, ҳатто, подшоҳ томонидан аскарлар машқи кузатиладиган кенг яланглик ва бошқа кўплаб, бино, иншоот, майдонлар шундай хулоса қилиш имконини беради.

Истанбулда Ўзбекистон номи, ўзбек миллати билан боғлиқ яна тарихий-маданий манзил бор. Бу – олтин шаҳар маъносини англатувчи Ускудар туманида жойлашган “Ўзбеклар қўналғаси”. Мазкур мўъжазгина уй қурилганига 300 йилдан ошиб кетган. XVII асрнинг иккинчи ярмида Турк давлатини бошқарган Султон Маҳмуд, тарихий манбаларда келтиришича, бир куни овга чиқади. Севимли машғулоти билан банд бўлган пайт, ногаҳон, чангалзордан иборат каттагина ҳудудда учта – яшил, сариқ ва ҳаво ранг чодирга кўзи тушади. Бориб танишса, чодир ичидаги одамлар ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан, аксарияти бухоролик, Ҳаж амалини адо этиш мақсадида сафарга чиққан йўловчилар экани маълум бўлади. Улар қуръон тиловати, мутолаа, маърифий суҳбатлар ила машғул эканликларини кўриб, султон вазирига эзгу ниятли ўзбеклар учун уй барпо этишни буюради. Шу тариқа Истанбулда “Ўзбеклар қўналғаси” вужудга келади ва Ҳаж сафарига чиққан ҳамюртларимиз шу ердада тўхтаб ўтадиган бўлишади.

Бино ва ҳовли мамлакатни XIX асрда бошқарган Султон Абдулмажид даврида ҳозирги кўринишига келган. Мажмуа таркибида меҳмонхона, турар-жой, алоҳида ётоқ хоналари, ошхона ва бошқа зарур иморатлар, шунингдек, номозхона (эҳтимол кичик масжид, деб аташ ҳам мумкиндир), дарвешлар учун зикр хонаси, хонақоҳ, қабристон бор. Бу ерда биз, журналистлар эътиборини тортган энг муҳим жиҳат шу бўлди-ки, меҳмонхона мажмуасига киришингиз билан ҳар бир бўлинмада мўъжазгина кутубхонага кўзингиз тушади.

Демак, хулоса қилиш мумкинки, Истанбулдаги ўзбеклар қўналғаси, мусофир ватандошларимиз учун шунчаки тўхтаб ўтадиган жой сифатида барпо этилган бўлса-да, даврлар ўтиб, маърифатпарвар элимиз зиёлилари, сахий, бағри кенг инсонлари саъй-ҳаракати билан ўзига хос маърифатхонага айлантирилган.

Дарвоқе, гуруҳимизга ушбу маскан ҳақида сўзлаб берган тарихчи мутахассис сўзларига қараганда, мажмуа таркибидаги хонақоҳ-қабристонга дафн этилган юртдошларимиз орасида бухоролик машҳур сулола фарзанди, сиёсий арбоб Файзулла Хўжаевнинг қариндоши, таниқли ватандошимиз Усмон Хўжа ҳам бор экан.

Нима бўлганда ҳам Ўзбекистондан келган журналистлар бу галги сафаримиз охирлаётган бир пайтда мана шундай зиёли, маърифатга ошно аждодларимиз билан фахрландик. Энг муҳими, бошқа эллардан келган ҳамкасбларимиз олдида “бўйимиз бир қарич ўсгани ҳам рост!

Ғайрат ХОННАЗАРОВ,

Туркия, Истанбул

Read 1732 times

Янгиликлар

Top