Ўзбекистон янгиликлари

Ҳадис илми мактабида Ал-Азҳар университети профессори ишлаяпти

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан мазкур маърифат маскани ва Ҳадис илми мактабига пресс-тур уюштирилди.

Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси зиёрати билан бошланган пресс-тур қатнашчилари халқаро марказ музейидаги ноёб китоб ва бошқа ашёлар, буюк муҳаддиснинг ҳаёти ва илмий фаолияти акс этган деворий суратларни томоша қилди.

Марказ раҳбари Ш.Зиёдов давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган мазкур муассаса фаолияти, бу ерда амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари, ходимлар учун яратилган шароит, хорижий мамлакатлардаги илмий марказлар билан ҳамкорлик ҳақида батафсил маълумот берди.

– Шу пайтгача илмий ходимларимиз томонидан Имом Бухорий ва бошқа буюк муҳаддислар, алломаларимизнинг ўнлаб асарлари ўрганилиб, нашр этилди, – дейди Ш.Зиёдов. – Дунёнинг 27 та етакчи ислом тадқиқот марказлари, университетлар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. 

Жумладан, Буюк Британиянинг Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Кембриж университети, “Ал-Фурқон” фонди, Британия кутубхонаси, Лондондаги Ислом маданияти маркази билан алоқалар йўлга қўйилди. “Ал-Фурқон” фонди қўлёзмаларининг 117 та каталоги Ўзбекистонга олиб келинди. Шунингдек, Мисрдан 5000 мингга яқин китоб, 130 мингта ноёб қўлёзма асарларнинг электрон нусхаси, Туркиядан 614 та китоб, Саудия Арабистони қўлёзма фондларидан Имом Бухорий асарларининг 34 та электрон нусхаси келтирилди.

Айни пайтда марказда брайл ёзувида чоп этилган “Саҳиҳул Бухорий” китоби сақланаётгани ҳақида ҳам маълумот берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактаби фаолияти ҳам пресс-тур қатнашчиларида катта таассурот қолдирди. Айниқса, мактабда таълим жараёнларининг замонавий ахборот технологиялари асосида олиб борилиши, талабаларнинг дарсларни пухта ўзлаштириши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун яратилган шароит бугунги кун талабларига тўла жавоб беради. Ҳатто, мактабда фаолият олиб бораётган хорижлик мутахассислар учун ҳам барча имконият ва қулайликлар мавжуд.

– Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати 5 йил, таълим кундузги шаклда бўлиб, ҳадис илми, диний фанлар мутахассиси ва араб тили ўқитувчиси бўйича бакалавр даражасидаги мутахассис тайёрланади, - дейди Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон Юсупов. – Ўқув дастурини тузишда шу йўналишдаги хорижий таълим муассасаларининг тажрибалари ўрганилган, дунё тан олган уламолар, олимларнинг хулосаларига таянилган. Талабалар ҳадис фанларида “Сиҳоҳи ситта”, яъни ислом оламида эътироф этилган олтита ишончли ҳадис тўпламларидаги ҳадисларни ёдлаб, уларга ёзилган шарҳлар ёрдамида ҳадисларнинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатларни ўзлаштириб боришади.

Айни пайтда мактабда чет мамлакатлардаги етакчи диний таълим муассасалари, илмий марказлар ходимлари ҳам келиб, талабаларга сабоқ бермоқда.

Журналист ва блогерлар Мисрнинг Ал-Азҳар университети профессори Маҳмуд Абдуллоҳ Абдураҳмоннинг дарс жараёнларини кузатиши имкониятига эга бўлди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА

Read 1464 times

Янгиликлар

Top