Ўзбекистон янгиликлари

МДҲ имомлари учун “Imams’ tour” ташкил этилади

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида зиёрат туризмини ривожлантириш ҳамда ушбу йўналишдаги мутахассисларни тайёрлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Халқаро ислом академияси ректори Рустам Касимов ва Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов очиб берди. Тадбирда, шунингдек, зиёрат туризми соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, Академия олимлари ҳамда Қўмита вакиллари иштирок этишди. “2018-2019 йилларда визасиз режим жорий этилган Индонезиядан ташриф буюрувчи сайёҳлар оқими - 170 фоизга, Малайзиядан - 158 фоизга, Туркиядан – 154 фоизга, БААдан келувчи мусулмон сайёҳлар сони 153 фоизга ошди.

Шуниси диққатга сазоворки, “Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси” (Глобал Муслим Травел Индех) рейтингида Ўзбекистон 10 поғона (32-ўриндан 22-ўринга) юқорилаб, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида мусулмон сайёҳларни жалб қилаётган “энг жозибадор” ҳамда “хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори” бўлган 10 мамлакат қаторидан ўрин олди. Шу билан бирга, мамлакатимиз “Ҳалал Травел Фронтиер 2020” ҳисоботида исломий меросни қайта тиклаш орқали мусулмонлар туризми бозорида янги трендга асос солган мамлакат сифатида эътироф этилди”, - деди Азиз Абдуҳакимов. Шу ўринда Рустам Касимов юртимиз тарихи, унинг табиати ва буюк алломалари меросидан баҳраманд бўлишни истаб бутун жаҳон мамлакатларидан саёҳатга отланувчилар кўпчиликни ташкил этишини, бу эса Ўзбекистоннинг жаҳонда ўз имижи ва мавқеини ҳам белгилаб берадиган омиллардан эканини таъкидлади. “Зиёрат туризмини ривожлантиришда мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш мамлакатимиз тараққиёти йўлида хизмат қилиши шубҳасиз”, - дея қўшимча қилди Рустам Касимов.

Тадбир доирасида Академия томонидан соҳада мавжуд имкониятлардан зиёрат туризмни ривожлантириш мақсадида фойдаланиш, Академия бинолари, конференсия заллари ва талабалар турар жойларидан хорижий талаба ва тадқиқотчилар учун “Академик туризм” ва МДҲ давлатлари имомлари учун “Imams’ tour” маърифий турларни ташкил этишда самарали фойдаланиш, туризм йўналишида ташриф буюрган хорижий тадқиқотчилар учун Академиянинг ресурс маркази ва кутубхонасидан фойдаланиш имконини яратиш, Академия ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжолар — Шайхонтоҳур, Тўлабек (Қалдирғочбек) ҳамда Юнусхон мақбараларида сайёҳларни кириб-чиқиш шароитларини янада қулайлаштириш каби таклифлар билдирилди.

Азиз Абдуҳакимов, ўз ўрнида, “Ал-Бухорий” халқаро спутник телеканалини очиш ва унда мусулмон аҳолиси кўп бўлган мамлакатлар тилларида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини намойиш қилиб, тарғибот кампаниясини кучайтиришни, шунингдек инновацион музей ҳамда Зиёрат туризми маркази ташкил қилишни таклиф этди. Тадбир якунига кўра, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда “Ипак йўли” халқаро туризм университети ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.

 

azon.uz

Read 1560 times

Янгиликлар

Top