Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат бошчилигида хатми Қуръон ва хатми Бухорий ўқилди

Бугун, 26 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд вилоятига ташрифлари давомида Имом Бухорий зиёратгоҳида имом-хатиблар томонидан адо этилган хатми Қуръонларнинг якуни ва устоз-мударрислар томонидан ўқиб чиқилган “Саҳиҳул Бухорий” китобининг хатмонасида иштирок этдилар. Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов ва Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов сафарда ҳамроҳлик қилмоқда.


Муфтий ҳазратлари дастлаб, “Имом Бухорий” жоме масжидида пешин намозини адо этдилар ва йиғилган жамоатга ҳозирги кунда мамлакатимиз бўйлаб, амалга оширилаётган хайрия тадбирларнинг мақсади ҳамда мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб бердилар. Шундан сўнг хатми Қуръон ва “Саҳиҳи Бухорий” ва “Шамоилу Муҳаммадия” китобларининг хатмонасида юртимизга тинчлик-хотиржамлик, хонадонларимизга қут-барака, бутун дунё, жумладан диёримиз турли бало ва офатлардан омонда бўлишини сўраб дуолар қилдилар.

Айни даврда бутун жаҳон халқлари, жумладан, юртимиз аҳолиси катта қийинчиликни бошидан кечирмоқда. Ушбу синовли кунлардан эсон-омон чиқиш учун Ислом дини манбаларида баён этилган мана шундай хайрли амалларни ҳам бажариш лозимдир. Мўътабар манбаларда Имом Бухорий ҳазратларининг «Саҳиҳи Бухорий» тўпламларини ўқиб чиқиш орқали ҳам турли балою офатлардан сақланиш мумкинлиги қайд этилган.
Шундай экан, Аллоҳ таоло тез ва қисқа фурсатда юртимиздан бу балони кўтариб, маъмур ва фаровон ҳаётимиз изига тушиб кетишини насиб этсин. Коронавирус инфекциясини юқтириб олган юртдошларимизга шифои комил берсин, муҳтарам Президентмиз томонларидан бошланган оқилона ислоҳотларимизни охирига етказишни насиб этсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо ва халқимиз ҳаёти фаровон бўлсин.
Самарқанд вилояти сафари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1664 times

Янгиликлар

Top