Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда ҳам Исломий молия тизими ривожланади

Сўнгги пайтларда жадал ривожланиб бораётган ва жаҳон молиявий маконини тобора ишончли забт этаётган Исломий молия тизимига бўлган қизиқиш тобора кучаймоқда. Янги исломий банклар, суғурта ташкилотлари, инвестиция жамғармалари пайдо бўлиб, ушбу тизим мусулмон бўлмаган мамлакатларда ҳам фаол ривожланмоқда.

 

Бугунги кунда Ислом банклари даромади йилига 15-20 фоиз, активлари эса 20 фоизга ошмоқда.

Мамлакатимизда Исломий молиялаштириш ишлари 2004 йилда бошланган бўлиб, бу Ўзбекистоннинг Ислом тараққиёт банки (ИТБ) аъзолигига қўшилиши билан боғлиқ. Бу юртимиз иқтисодиёти учун янги йўналиш бўлиб, унга бугун бизнес тарафдан ҳам, аҳоли томонидан ҳам эҳтиёж мавжуд. Мамлакатимиз аҳолисининг 90 фоизидан юқори қисми Ислом динига эътиқод қилиши ва эътиқоди туфайли 15-20 фоизга яқин аҳоли анъанавий кредитлаш тизимидан фойдаланмаётганини ҳисобга олсак, муқобил кредитлаш тизими орқали мазкур қатлам тўлиқ қамраб олиниши мумкин.

Мусулмон давлатларидаги мавжуд исломий молиялаштиришга асосланган банклар, инвестиция фондлари ва компанияларнинг маблағларини юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш мақсадида жалб этиш айни муддаодир. Бунинг учун, албатта, мамлакатимиз банк тизимига янгича ёндашув билан назар солмоқ лозим. Яъни, анъанавий молиялаштириш механизмлари билан бир қаторда шерикчиликка асосланган молиялаштириш механизмларини ҳам жорий этиш муҳим ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ҳамда халқимизга қилган Мурожаатномасида «эндиги вазифа – чуқур таркибий ислоҳотлар орқали узоқ муддатли барқарор ўсишнинг пойдеворини яратишдан иборат» экани бежиз таъкидланмади. Иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантириш учун молиявий-инвестицион ресурсларни жалб этиш усулларидан бири исломий банкинг воситалари, исломий капитал бозори ҳамда исломий нобанк ва микромолиявий муассасалардан фойдаланиш ҳисобланади. Шунингдек, молиявий хизматлар, капитал ва суғурта бозорларини ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу соҳада рақобат муҳитини яратиш мақсадида давлат раҳбари Мурожаатномада мамлакатимизда ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш вақти-соати келганини алоҳида эътироф этиб ўтдилар.

Ўзбекистон банк-молия тизимига исломий молиялаш тамойилининг татбиқ этилиши молиялаштиришни янада кенгайтириш, айниқса, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, реал ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, Исломий молиялаштиришни муваффақиятли жорий этаётган дунёвий давлат сифатида Ўзбекистон обрўсининг кўтарилиши, ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш, муқобил молиявий маҳсулотлар пайдо бўлиши ҳисобига аҳолининг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради. Ушбу соҳанинг ривожи ғарб мамлакатлари қўллаб-қувватловининг ошишига, судхўрлик, қарз юкининг пасайишида ва корхоналарни молиявий соғломлаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, давлат раҳбари ўз Мурожаатида белгилаб берган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ҳукумат анъанавий банкинг билан бир қаторда Исломий молия хизматларини ривожлантириш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиши лозим. Ушбу йўл харитаси мавжуд қонунчиликни (банк фаолияти, солиқ, қимматли қоғозлар ва суғурта фаолиятига доир қонунчиликка қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш) такомиллаштириш, тарғибот ишларини олиб бориш, Исломий молия инфратузилмасини ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик ва давлат-хусусий шерикчилик секторини тараққий эттириш, илмий-ўқув ишларини яхшилаш ва инвесторлар билан ишлашни ўз ичига олиши зарур.

Жаҳонгир АБДУРАСУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси

Read 1492 times

Янгиликлар

Top