Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Эрон сайёҳлик бизнеси вакиллари қўшма тур пакетларини ишлаб чиқишга келишиб олди

Мамлакатимизнинг Теҳрондаги элчихонаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон ва Эрон сайёҳлик компаниялари вакиллари ўртасида онлайн видеоконференция ташкил этди, хабар бермоқда «Дунё» АА.
Тадбир давомида икки мамлакат сайёҳлик индустрияси вакиллари ўртасида Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларига сайёҳлик оқимини кўпайтириш борасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Видеоконференцияда Эрон сайёҳлик операторлари ассоциацияси (ЭСОА) раиси Иброҳим Пурфараж ва унинг маслаҳатчиси Маҳмуд Бонакдарниа, Эроннинг "Zagros Airlines" авиакомпанияси вакиллари ва Эроннинг 20 дан ортиқ етакчи ихтисослашган компаниялари ҳамда 15 нафар Ўзбекистон сайёҳлик агентлиги раҳбарлари иштирок этди.
Учрашувда иштирокчилар "Uzbekistan – Safe Travel Guaranteed" шиори остида сайёҳлар учун хавфсиз саёҳат маскани сифатида мамлакат имижини фаол тарғиб этиб, пандемия шароитида Ўзбекистон сайёҳлик соҳасини тиклаш ва ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар билан танишди.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг пандемия пайтида хорижий авиаташувчилар ва сайёҳлик агентликларини рағбатлантириш нияти алоҳида таъкидланди. Жумладан, Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил этиш учун хорижий авиаташувчиларни товон пули билан таъминлаш, аэропортлар хизмат кўрсатиш сервиси (Ground handling)ни камайтириш, шунингдек, SWIFT халқаро тўлов тизимининг бу мамлакатда йўқлиги туфайли Эрон фуқароларининг электрон визага тўлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш режалари таъкидланди. Охирги масала 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги халқаро аэропортларга тўғридан-тўғри келишда кириш визалари учун тўловнинг янги тизимини жорий этиш орқали амалга оширилади.
Эрон томони, ўз навбатида, икки халқнинг муштарак тарихи, урф-одатлари ва маданиятини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ва Эрон туризм соҳасидаги алоқаларини ошириши лозимлигини таъкидлади. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий ўзбек шаҳарлари эронликлар орасида жуда машҳур бўлиб, мамлакатларимиз меъморчилиги ва маданияти ҳамиша руҳи бўйича жуда яқин бўлган.
ЭСОА раиси Иброҳим Поурфараж 2019 йилда электрон визани жорий этиш орқали Эрон фуқаролари учун виза тизимининг соддалаштиришини қўллаб-қувватлади, бу икки мамлакат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим қадам бўлди. ЭСОА раҳбари Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган юқорида қайд этилган қарорлар Ўзбекистон томонининг Эрон билан сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги қатъий ниятини намойиш этаётганини алоҳида таъкидлади. Иброҳим Пурфараж Ўзбекистон тарихий шаҳарларининг чиройи, бетакрор меъморчилиги, буларнинг барчаси ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти ва меҳмондўстлиги билан биргаликда туризм индустриясининг ривожланиши учун улкан салоҳият яратаётганини ҳам қайд этди.
ЭСОА раиси маслаҳатчиси Маҳмуд Бонакдарния ўз навбатида икки дўст мамлакат халқларининг маданий яқинлиги Ўзбекистон ва Эрон ўртасида сайёҳлик ҳамкорлигини ривожлантиришда асосий омиллардан бири эканини таъкидлади. Унинг фикрича, "Наврўз" халқаро байрами доирасида Ўзбекистонда ҳар йили ўтказиладиган оммавий ва турли маданий-кўнгилочар тадбирлар эронлик сайёҳлар орасида янгилик бўлиб, жуда катта қизиқиш уйғотиши мумкин. Шу муносабат билан Маҳмуд Бонакдарния туроператорлар ва Эрон оммавий ахборот воситалари учун Ўзбекистоннинг ноёб сайёҳлик йўналишлари бўйича махсус инфо-турлар ташкил этишни таклиф этди.
Тадбир давомида икки мамлакат сайёҳлик компаниялари ўртасида алоқалар алмашилди ва томонлар турли сайёҳлик йўналишлари учун қўшма саёҳат пакетларини ишлаб чиқишга ҳам келишиб олдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1489 times

Янгиликлар

Top