Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратларининг Пайариқ туманига ташрифи давом этмоқда

Кеча хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Пайариқ туманига ташрифи давом этмоқда.

Бугун, 15 январъ Жума куни муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ҳамда Пайариқ тумани бош имом-хатиби Мансур домла Абдухолиқовларнинг ҳамроҳлигида мазкур  туманда жойлашган “Мўлла Тўрахон” жоме масжидига ташриф буюрдилар. Сўнги йилларда бу масжидда бир қанча ободончилик ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, намозхонларга янада қулайликлар яратиш мақсадида масжид тахоратхонасининг янги, замонавий биноси қуриб битказилди ва намозхонлар ихтиёрига топширилди. Шунингдек, намозхонларнинг қор-ёмғирли кунларда қийинчиликларсиз ибодатларини адо этишлари учун масжиднинг айвон қисмига қўшимча айвон қўшилди. Бу эса масжид кўркига янада кўрк қўшди.

Муфтий ҳазратлари масжид жамоати билан дилдан суҳбат қилдилар ва бу муборак масканда амалга оширилган бу каби хайрли ишларга ҳам моддий ҳам маънавий кўмак берган саховатпеша инсонлар ҳаққига кўплаб дуои хайрлар қилдилар.

Муфтий ҳазратлари ташриф давомида мазкур туманда жойлашган, ҳозирда Пайариқ тумани бош имом-хатиби Мансур домла Абдухолиқов фаолият олиб бораётган “Ислом нури” жоме масжидига бордилар. Бу масканда ҳам кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Жумладан, масжиднинг эски тахоратхонаси ўрнида замон талаблари асосида янги тахоратхона қурилиб фойдаланишга топширилди. Шунингдек, масжид биноси ёнидан барча шароитларга эга, замонавий хизмат хоналари ҳам қуриб битказилди.

Муфтий ҳазратлари мазкур масжидда намозхонлар иштирокида Жума намозини адо этдилар. Намоз сўнгида мазкур жомеда амалга оширилган бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшган барчанинг ҳаққига дуолар қилдилар. Ушбу файзли Жума намозида уламолар, маҳалла фаоллари, мўйсафид отахонлар ва масжид қавми иштирок этди.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати

Read 1834 times

Янгиликлар

Top