Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонга зиёрат туризмининг имкониятлари Покистон оммавий ахборот воситалари диққат марказида

Покистоннинг етакчи ахборот агентликларининг «Islamabad Post»ва «Pakistan Economic Net» веб-сайтларида Ўзбекистоннинг республикадаги зиёрат туризмини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларига бағишланган мақолалар хорижда кенг мақсадли аудитория орасида фаол тарғиб этилди.
Ўқувчиларнинг диққат-эътибори яқинда Халқаро ислом академиясида Ўзбекистоннинг хориждаги элчилари билан бўлиб ўтган учрашувга қаратилиб, унда мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Таъкидландики, ҳозирги кунда янгиланиб, ҳар томонлама дунёга фаол очилаётган Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш хорижликларни республикамизнинг жаҳонга машҳур диққатга сазовор жойлари, тарихий-маданий масканларига жалб этиш борасидаги муҳим қадамлардан биридир.
Бунда Ўзбекистоннинг бой тарихий, маънавий ва маданий меросига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
"Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд, Маҳмуд Замахшарий, Ибн Сино, Беруний, Форобий ва бошқа мусулмон оламининг машҳур алломалари замонавий Ўзбекистон ҳудудида яшаб ижод қилдилар, уларнинг мақбаралари мамлакатда зиёрат туризмини ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди", - деб ёзилади нашрларда.
Шу ўринда Туркия, Индонезия, Малайзия, Россия, Покистон, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Европа ва Араб мамлакатлари фуқаролари орасида Ўзбекистонга зиёрат туризмига қизиқиш жуда юқори экани алоҳида таъкидланади. Бу ва бошқа манфаатдор давлатлар билан ҳамкорликни жадаллаштириш ва мустаҳкамлаш орқали бу йўналишда яхши натижаларга эришиш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1607 times

Янгиликлар

Top