Ўзбекистон янгиликлари

Президентимиз Баҳоуддин Нақшбанд  мажмуасини зиёрат қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 март куни Бухоро вилоятида бўлди.

Истиқлол йилларида миллий қадриятларимизни тиклаш, ривожлантириш, маданий-маърифий меросни, айниқса, тарихий-меъморий обидаларни асраш, уларни келгуси наслларга етказиш борасида эътиборли ишлар амалга оширилди. Хусусан, мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан йирик тасаввуф намояндалари, Нақшбандия тариқати асосчилари Баҳоуддин Нақшбанд ва Абдулхолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳлари обод этилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига сафарини ана шундай табаррук масканлардан бири Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуини зиёрат қилишдан бошлади. Дастлаб Қуръони карим тиловати ўқилди ва дуолар қилинди.

Шундан сўнг Президентимиз мазкур ёдгорлик мажмуасини янада обод масканга айлантириш юзасидан кўрсатмалар берди. Қолаверса, кўҳна ва боқий Бухородаги ёдгорлик, обидаларнинг ҳар бир дона ғиштини ўз ҳолида тиклаш, эҳтиёт қилиш ва келажак авлодга етказиш лозимлигини таъкидлади.

Юртбошимиз Бухоронинг жаҳон цивилизацияси ва Ислом маданияти ривожига қўшган ҳиссаси беқиёс экани, бу заминда кўплаб алломалар таваллуд топгани ва яшаганини алоҳида таъкидлади. Уларнинг бой илмий меросини атрофлича ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш учун бу ерда Тошкент ислом университетининг махсус факультетини ташкил қилиш ҳақида таклиф билдирди.

Шундан сўнг Бухоронинг қадимий обидаларини қамраб оладиган кичик ҳалқа йўлини бунёд этиш, йўлакларга мармар ва махсус ишлов берилган тошлар ётқизиш, бино ва йўлларнинг ёритиш тизимини замонавийлаштириш, меҳмонхона ва иншоотлар қуриш, улар атрофига ҳудуднинг табиий иқлим шароитига мос дарахт ва гуллар экиш, маҳаллий ва хорижлик сармоядорлар учун қулай шароитлар ташкил этиш юзасидан зарурий топшириқлар берди.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да Давлатимиз Раҳбарининг мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб сафарлари ислоҳотларни амалга оширишда кишиларни ҳамжиҳатликка ундамоқда.  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

ахборот хизмати

Read 5606 times

Янгиликлар

Top