Ўзбекистон янгиликлари

Ҳиндистон ва Бангладеш аҳолиси орасида Ўзбекистондаги тарихий-исломий қадамжоларга қизиқиш юқори бўлмоқда

Мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонасида Деҳли шаҳри Жомеъ масжиди Маслаҳат кенгаши бош котиби Сайид Тариқ Раҳмат Бухорий билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Тадбирдан мақсад мамлакатимизга хорижий сайёҳлар оқимини ошириш, хусусан, зиёрат туризми салоҳиятидан кенг фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишларни янада чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Мулоқотда Тариқ Раҳмат Бухорий Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида туризм соҳаси ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири экани ва дунёда давом этаётган пандемия билан боғлиқ вазият барқарорлашуви билан мазкур йўналиш ҳам ўз навбатида босқичма-босқич изга тушишига ишонч билдирди.
Т.Бухорий Ҳиндистон ва Бангладеш аҳолиси орасида Ўзбекистондаги тарихий-исломий қадамжоларга қизиқиш юқори эканини таъкидлаб, хусусан, бу борада “Тошкент-Дакка-Тошкент” йўналишида авиақатновларни тиклаш масаласини ўрганиб чиқишни таклиф қилди.
Пандемия шароитида Ўзбекистон бўйлаб ташкил этилаётган хавфсиз туризм, авиаташувчилар ва туроператорларга тақдим этилаётган қатор имтиёзлар билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Бангладеш туркомпаниялари ўртасида яқин кунларда онлайн-тақдимотлар ўтказишга келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1624 times

Янгиликлар

Top