Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Қўқон шаҳрида фаолият юритаётган диний соҳа ходимлари билан мулоқот ўтказди

Хабарингиз бор, айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов хизмат сафари билан Фарғона вилоятида бўлиб турибдилар. Меҳмонларга Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ва бошқа мутасаддилар ҳамроҳлик қилмоқда.

Меҳмонлар дастлаб Қўқон шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатиблар ҳамда имом-ноиблари билан учрашиб, улар билан самимий мулоқот ўтказдилар.

Мулоқот давомида мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик оммасига етказишда имом-хатиблар ҳамда имом-ноибларнинг ўрни ҳақида сўз борди.

Шунингдек, юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, хусусан, жорий йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилгани, ёшларни соф Ислом таълимотлари асосида, ватанга садоқат руҳи билан тарбиялашда нафақат имом-хатиблар, балки имом-ноибларининг ҳам масъулияти юксак экани алоҳида қайд этилди.

Жумладан, имом-хатиб ва имом-ноибларнинг жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш ва соғломлаштириш, бузғунчи ғояларга қарши маърифат билан курашиш, бу борада диний соҳа ходимларининг масъулиятини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот якунида имом-хатиблар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан жавоб олдилар.

Ташриф давом этмоқда

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1653 times

Янгиликлар

Top