Ўзбекистон янгиликлари

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида талаба ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди

 

Жорий йил 04 феврал куни билим юртида талабалар ва Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамолиддин Алойдинов билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув очиқ мулоқот тарзида ўтказилди.

Ж.Алойдинов ўз сўзида кейинги пайтда юртимизда ёшларга бўлган эътиборнинг орттирилгани, уларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда долзарб вазифаларни алоҳида таъкидлади.

“Ёшлар билан учрашув” деб номланган мазкур тадбирда Ж.Алойдинов “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастури бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар юритиб, унинг мазмун моҳияти ва истиқболдаги самараси ҳақида тўхталиб ўтди.

Муҳтарам юртбошимизнинг ғамхўрликлари ва саъй-ҳаракатлари ила ёшларни илм-маърифатли, одоб-ахлоқли этиб тарбиялашга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Ўз навбатида, ёшларда ғоявий таҳдидларни вақтида илғаб, уларга қарши иммунитетни кучайтириш масаласи ҳам тобора долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Албатта, бўлажак имом-хатиблар бугунги кун билан ҳамнафас бўлиши, Ислом дини таълимотиларини тараннум этишга жидду жаҳд қилиши, юртимизда ва жаҳонда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан хабардор ҳолда доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиши лозим.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамолиддин Алойдинов билим юртида талабалар учун яратилган шароитлар, билим бериш жараёнлари билан танишди. 2020-2021 ўқув йилида билим юртига талабаларни қабул қилиш квоталари ортирилиб, 42 нафар талаба ўқишга қабул қилингани диний таълимда олиб борилаётган улкан ислоҳотлар нишонасидан эканини таъкидлади. Ёшлар билан учрашувда талабаларнинг қизиқиши, орзу-истаклари, келгусидаги мақсадлари ўрганилди.

Зиёрат туризми, бадиий-илмий ва диний китоблар билан ушбу билим юрти кутубхона фондини бойитиш ҳамда  араб тилини ўрганишда хорижлик ўқитувчиларни жалб қилиш масаласи ўртага ташланди.

Шунингдек, бугунги кунда диний соҳа ходимлари олдида турган муҳим вазифалар, хусусан, уларнинг ўз устиларида мунтазам ишлаши  ва жахолатга  қарши маърифат  билан муносиб курашиш, бунинг учун эса замонавий билим олиш, турли йўналишларда истеъдодини намоён этиши, жамиятда муносиб ўрнини топиш кераклиги таъкидланди.

Бугун ҳамма соҳада юртимиз байроғини баланд кўтараётган ёшлар кўплаб учрайди. Худди шундай,  диний соҳада ҳам ёшлар бухорийлар, термизийлар, насафийлар авлоди эканини амалда исботлаш вақти келганлиги таъкидлаб, бу борада мамлакатимизда бир қанча ижобий ишлар амалга оширилиб келаётгани, диний таълим соҳаси тубдан ислоҳ қилиниб, янги ўқув даргоҳлари очилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.

Дўстона ва очиқ мулоқот тарзида кечган йиғилишда талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Бундан ташқари талабалар ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларга жавоб ўлароқ билимларини янада ошириб, ёшлар онгига раҳна солиши мумкин бўлган ҳар қандай пуч ғояларга қарши ўз ўрнида жавоб берадиган малакали кадрлар бўлиб етишишга ваъда бердилар.

Учрашув якунида 2020-2021 ўқув йилида турли йўналишлар бўйича юқори кўрсаткичга эришган бир қатор талабалар билим юртининг мақтов ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Ташкил этилган очиқ мулоқот ва самимий суҳбатдан иштирокчилар ўзларига кўплаб ижобий таассуротлар олдилар. 

Учрашув самимий, сиёсий ҳамда кўтаринки руҳда ўтди.

 

Абдулносир Бобамирзаев

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом

билим юрти матбуот котиби

Read 1459 times

Янгиликлар

Top