Ўзбекистон янгиликлари

«OIC Today»: 21-асрнинг Ипак йўли: Малайзия-Ўзбекистон муносабатлари

Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 29-йиллиги олдидан «OIC Today» таҳлилий журнали Малайя Университети халқаро ва стратегик тадқиқотлар кафедраси мудири Рой Энтони Рожерснинг "21-асрнинг Ипак йўли: Малайзия-Ўзбекистон муносабатлари" сарлавҳаси остида муаллифлик мақоласини эълон қилди, деб хабар бермоқда "Жаҳон" АА.

Мақолада Малайзия Ўзбекистон билан 1992 йил 21 февралда дипломатик алоқалар ўрнатгани, 1992 йил 1 январь куни Ўзбекистон мустақиллигини тан олган Жануби-Шарқий Осиёдаги биринчи мамлакатга айлангани қайд этилади.

Муаллиф мамлакатларимизни бирлаштирувчи омиллар ҳақида ёзади. У мисол тариқасида Малайзия ва Ўзбекистоннинг халқаро савдо йўллари чорраҳасидаги ўхшаш стратегик ва тарихий жойлашувини, шунингдек, ягона диннинг мавжудлигини, икки мамлакат халқлари маданияти ва анъаналарининг ўхшашлигини келтиради.

Эксперт сўнгги 29 йил ичида икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар геометрик прогрессияда ўсганини таъкидлайди.

Икки томонлама муносабатларда сўнгги йирик ютуқлари ҳақида гапирганда малайзиялик сиёсатшунос парламентлараро дўстлик гуруҳининг ташкил этилиши, 2020 йилнинг июнида "Парламентаризмни ривожлантириш: Малайзия ва Ўзбекистон тажрибаси" биринчи парламентлараро форумининг ўтказилиши, 2019 йилнинг октябрида Тошкентда «MATRADE» ташқи савдони ривожлантириш бўйича Малайзия корпорациясининг савдо офисларининг очилиши, 250 миллион АҚШ доллари миқдорида Ўзбекистонла хлор ва каустик содани қайта ишлаш бўйича заводни қуриш ва ишга тушириш учун лойиҳа, шунингдек, Хоразм вилоятида биринчи хорижий университет – Урганчдаги Халқаро Binary университетининг очилишини алоҳида таъкидлади.

Рой Энтони Рожерс, шунингдек, 2020 йилда дунёдаги мавжуд вазиятга қарамай, Малайзия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмасининг умумий ҳажми 75,8 миллион долларни ташкил этганига эътибор қаратди. Бу кўрсаткич пандемия атрофидаги вазият барқарорлашганидан сўнг ошиши кутилмоқда. Малайзия Жануби-Шарқий Осиёдаги ўзбек сармоядорлари, талабалари ва сайёҳлари учун хабга айланиш салоҳиятига эга, Ўзбекистон эса Малайзияни Марказий Осиёдаги янги Ипак йўлига боғловчи кўприк вазифасини ўтайди.

Хулоса қилиб айтганда, муаллиф Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги янги Ўзбекистоннинг замонавий ташқи сиёсат стратегиясининг асосий тамойиллари ва характерли хусусиятларини тизимли таҳлил қилиш, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги чуқур ўйланган ташқи сиёсат, самарали мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган икки томонлама муносабатларнинг ўсишини кўрсатади.

Маълумот учун, 2003 йилда ташкил этилган "ОИC Today" журнали Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) халқаро бизнес маркази гуруҳига киради ва унга аъзо давлатлар ўртасида, шунингдек, Корея, Япония, Мьянма ва Буюк Британияда 100 минг нусхада муомалага чиқарилади. Журналнинг электрон версияси 2 миллиондан ортиқ ўқувчига эга.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1597 times

Янгиликлар

Top