Ўзбекистон янгиликлари

Бутунжаҳон араб тили иттифоқи Марказий кенгаши аъзолигига ўзбек олими сайланди

Тошкент давлат шарқшунослик университети олими, профессор Шорустам Шомусаров Бутунжаҳон араб тили иттифоқи Марказий кенгаши аъзолигига Марказий Осиё минтақасидан сайланди. Бу ҳақда ЎзАга университет матбуот хизмати маълум қилди.

Ўзбек олими Ш.Шомусаров Бутунжаҳон араб тили иттифоқининг Марказий кенгаши аъзолигига Марказий Осиё минтақасидан сайланиши ва дунёнинг энг кучли 24 арабшуноси рўйхатида туриши Тошкент шарқшунослик мактабига бўлган катта эътирофдир.

Ливан пойтахти Байрут шаҳрида жойлашган Бутунжаҳон араб тили иттифоқи 1988 йилда дунёдаги барча мамлакатлар араб тили мутахассисларини араб тилини барқарор ривожлантириш мақсадида Араб давлатлари лигаси томонидан ташкил этилган.

2020 йил 1 декабрда Ливаннинг Байрут шаҳрида Иттифоқнинг 3-давра сайловлари бўлиб ўтди. Дунёнинг турли минтақаларидан янги аъзолар, шу жумладан, Марказий кенгашнинг янги 24 аъзоси қаторида ўзбекистонлик олим Шорустам Шомусаров ҳам сайланди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда араб ва турк халқлари оғзаки ижодини корпоравистик ўрганиш бўйича янги мактаб яратаётган олим, филология фанлари доктори, профессор Ш.Шомусаров Тошкент давлат шарқшунослик университетининг араб филологияси кафедраси мудири сифатида фаолият юритиб келмоқда. Унинг монографиялари ва мақолалари Марокаш, Миср, Саудия Арабистони, Қатар, Сурия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон ва бошқа давлатларда нашр этилган.

 
uza.uz
Read 1597 times

Янгиликлар

Top