Ўзбекистон янгиликлари

Жорий йилнинг январь ойи ўрталарида  бахтсиз ҳодиса сабаб, пойтахтимизнинг Юнусобод тумани «Бободеҳқон» маҳалласида жойлашган учта хонадон аланга ичида қолади. Олов хонадон эгаларининг уйлари билан бирга, бор-будини, кийим-кечак ва ҳатто ҳужжатларини ҳам кулга айлантиради.

Мазкур ҳолатдан хабар топган Вақф фонди мутасаддилари томонидан 29 январь куни “Обод хонадон” акцияси эълон қилиниб, 18 февралга қадар зарур бўлган 90 миллион сўм маблағ йиғилди.

Бугун, Вақф хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё қори Абдураҳмонов, «Бободеҳқон» маҳалласига ташриф буюриб ушбу хонадон эгаларининг ҳар бирига 30 миллион сўмдан жами 90 миллион сўм хайрия маблағлари ва озиқ овқат-маҳсулотларини топширди.

Уйи қайта қурилаётганидан хурсанд бўлган 84 ёшли Абдували бобо: “Вақф фонди ходимлари, хайрия қилган ва ҳисса қўшган барча инсонлардан Аллоҳ рози бўлиб, ўйлаган эзгу ниятларига етказсин, дея дуо қилди.

 “Қисқа фурсатда, маҳалламиз аҳолиси ва саховатпеша ватандошларимиз томонидан, кўплаб моддий ёрдамлар, озиқ овқат маҳсулотлари ҳамда қурилиш моллари эҳсон қилинди. Аксарият кишилар манзилларингизни Вақф фонди ходимларидан олдик деб айтишди. Маҳалламиз номидан фонд ходимлари ва эҳсон соҳибларига ташаккурлар изҳор этамиз”, деди, «Бободеҳқон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилмурод Бекмуҳаммедов.

Вақф фонди мазкур акцияда иштирок этган барча саҳоватпеша  ватандошларимизга ўз миннатдорлигини билдиради.

 

Вақф хайрия жамоат фонди матбуот хизмати

 

Read 1704 times

Янгиликлар

Top