Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: “Мискин бобо” масжидининг янги биноси очилди

Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани “Оқ қамиш” овул фуқоралари йиғинидаги “Мискин бобо” масжиди янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсутдин Бауатдинов, Тўрткўл тумани ҳокими Рустам Шамуратов, имом-хатиблар, нураний отахонлар, “Оқ қамиш” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси иштирок этди.

Тадбирда қозиёт қозиси Шамсутдин домла Бауатдинов масжид барпо қилиш қанчалик савобли амал экани, юртимизда диний соҳадаги ижобий ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди, ушбу масжид қурилишига кўмак берган барча инсонларга катта ташаккур билдирди.

Маълумот учун, “Мискин бобо” жоме масжидининг эски иморати 1930 йиллари лойдан қурилган, бугунга келиб авария ҳолатига келиб қолган эди. Шундан сўнг маҳаллий ҳокимият ва тегишли ташкилотлар рухсати билан “Мискин бобо” масжидининг юридик манзили ўзгартирилмасдан, янги биноси қуриш ишлари бошлаб юборилди. Ҳудуд аҳолиси, маҳаллий тадбиркорлар ва туман ҳокимиятининг кўмаги билан мазкур масжиднинг янги иморати 4 йил давомида қуриб битказилди.

Масжидларни обод қилиш тоат-ибодатлар билан ҳамда ўша масжидларни яхшилаб қуриб, таъмир этиб, пок сақлаб, муҳофаза қилиш билан бўлади.
Қуръони каримда марҳамат қилинади: (У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч  тасбиҳ айтурлар” (Нур сураси, 36-ояти).

Куни кеча Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Мўйноқ тумани “Қазақдаря” овул фуқоролар йиғини ҳудудидаги “Қорақум эшон” жоме масжидини давлат рўйхатидан ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.

Аллоҳ таоло ушбу масжидларни қиёматга қадар мўмин-мусулмон халқимизга хизмат қилишини насиб қилсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1523 times

Янгиликлар

Top