Ўзбекистон янгиликлари

Туркия элчисига фахрий профессор унвони берилди

Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр жанобларига Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг фахрий профессори унвони берилди.

Шу муносабат билан ушбу олий таълим муассасасида ташкил этилган тадбирда университет кенгаши қарорига мувофиқ жаноб элчига таълим ва илм-фан ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси учун фахрий профессор унвони топширилди.  

Меҳмет Сурейя Эр илмий фаолияти давомида АҚШнинг қатор университетларида ўрта асрлар Усмонли турк қўлёзмаларини тадқиқ қилиш борасида катта ютуқларга эришган. Матншунослик бўйича юқори илмий қийматга эга бўлган докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.  

У Туркия ҳамкорлик ва координация агентлиги (ТИКА) Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари бошқармаси бошлиғи сифатида Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон маданияти, тарихи тадқиқи борасида катта тажрибага эга бўлган. Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланганидан сўнг ўзбек тилини қисқа муддатда мукаммал ўзлаштиргани эса ўзбек халқига бўлган чексиз эҳтироми намунасидир.

Меҳмет Сурейя Эрнинг ташаббускорлиги натижасида университетнинг Туркия олий таълим муассасалари билан алоқалари ривожи янги босқичга кўтарилди, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Туркиянинг Анқара Ҳожи Байрам Вали университети, Истанбул Маданият университети, Мармара университети каби нуфузли таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Бугун ана шу ҳамкорлик натижасида икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида илк бор халқаро қўшма магистрлик дастури йўлга қўйилди. Бу Ўзбекистон ва Туркия олий таълим тизимидаги ҳамкорликнинг янги саҳифаси сифатида тарихга кирди.

 
UzA
Read 1653 times

Янгиликлар

Top