Ўзбекистон янгиликлари

«Маърифатли отинойи» китоби тақдимоти ўтказилди

Муқаддас динимиз эркак билан баб-баравар аёлнинг ҳам илм олишига, унинг маърифатли, маънавиятли бўлишига тарғиб этади. Чунки аёлнинг маърифатли бўлиши келажак авлоднинг одоб-ахлоқли, тарбияли, билимли бўлиб камолга етишида жуда муҳимдир.

Бугун пойтахтимиздаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасида Юнусобод тумани отинойиси Дилором Каримованинг  “Маърифатли отинойи” китоби тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакили, шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси, пойтахтимизда фаолият юритаётган отинойилар иштирок этди.

Бугунги кунда отинойиларнинг вазифалари доираси жуда кенгайиб кетди. Улар нафақат диний билимлар эгаси, айни пайтда юртимизда кечаётган ижобий ўзгаришлар, иқтисодий, таълим ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, жамиятимиз маънавий, диний соҳадаги ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланиши лозим.

– Отинойи – Қуръони каримни, ҳадиси шарифларни, сийрат илмини, хуллас, шариат билимдони бўлиши, шунингдек, аёллар ўртасида диний маросимларга бошчилик қиладиган, халқ орасида обрў-эътиборга сазовор кайвони аёл бўлиши шарт, – дейди Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов. – Бир киши ҳаким зотлардан бирининг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккаласини ўқитишга қурбим етмайди. Фақат бирини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?” деб сўрабди. Шунда ҳаким зот: “Қизингизни ўқитинг. Чунки у келажакда фарзанд тарбия билан шуғулланади. Агар ўғлингизни ўқитсангиз, бир кишини ўқитган бўласиз, аммо қизингизни ўқитсангиз, бутун бир жамиятни ўқитган бўласиз”, деб жавоб берган экан. Қиссадан ҳисса шуки, аёл киши, албатта, маърифатли бўлиши керак. Бугун тақдимоти ўтказилаётган бу китоб опа-сингилларимизнинг маърифатли бўлишига хизмат қилади, иншоаллоҳ.

Бугун ҳар бир отинойи ўз ҳудудида барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашда, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасидаги соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда, албатта, билимли бўлиши керак.

– Ҳозирги шиддаткор даврда замон билан ҳамнафас бўлмаган, маърифатдан, маънавиятдан йироқ киши ютқазиши табиий, – дейди китоб муаллифи, филология фанлари номзоди Дилором Каримова. – Мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб, отинойиларнинг фаолиятини енгиллаштиришга хизмат қиладиган китобим ҳамкасбларимга манзур бўлади, деб ўйлайман.

“Маърифатли отинойи” китобида динимиз устунлари ва аҳкомлари, онанинг фарзанд тарбиясидаги маъсулияти, жаноза ва дафн маросимлари, зиёрат одоблари, хуллас, отинойилар фаолиятида асқатадиган барча жиҳатлар қамраб олинган.

 

Толибжон НИЗОМ

Read 1911 times

Янгиликлар

Top