Ўзбекистон янгиликлари

Ислом тараққиёт банкининг Йиллик йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишга тайёргарлик муҳокама қилинди

9 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқовнинг Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Бош котиби Гассан ал-Баба билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда 2021 йилда Ўзбекистонда ИТБ Бошқарувчилар кенгашининг 46- йиллик йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинди.

Учрашувда тайёргарлик ишларининг ҳозирги ҳолати, ИТБ ҳамда Ўзбекистон вазирлик ва идораларининг вакилларидан иборат Ташкилий қўмита ва тегишли ишчи гуруҳлар фаолияти кўриб чиқилди.

Халқаро медиа ва оммавий ахборот воситаларида бўлажак учрашувни кенг ёритишга бағишланган “роуд-шоу” ўтказиш учун банк раҳбарияти шу йил май ойида ИТБ президенти Бандар Ҳажарнинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш истиқболларини кўриб чиқаётгани ҳақида маълум қилинди.

Тошкентда бўлиб ўтадиган ИТБ Бошқарувчилар кенгашининг мазкур йиғилишида банкка аъзо 57 мамлакат, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, хорижий ишбилармон доиралар ва оммавий ахборот воситаларининг 2 мингга яқин вакили иштирок этиши кутилмоқда. Тадбир Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг энг муҳим ташаббуслари ИТБ томонидан қўллаб-қувватланишини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистонда банкнинг инвестиция портфелини оширишни назарда тутган ҳолда, ИТБ билан ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга имкон яратади.

Read 1497 times

Янгиликлар

Top