Ўзбекистон янгиликлари

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Шу кунларда айрим ижтимоий тармоқлар, баъзи телеканалларда Саудия Арабистони ҳукумати коронавирусга қарши эмланган инсонларга ҳаж сафари ва умра зиёрати учун рухсат беришга қарор қилди, деган мазмунда тарқатилаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мамлакатимизнинг Жидда шаҳрида жойлашган Бош консулхонасидаги “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича Атташеси билан доимий мулоқот қилиб, муборак сафарлар билан боғлиқ ҳар бир жараённи диққат билан кузатиб бормоқда. Шу кунга қадар, Саудия Арабистони ҳукумати ҳаж ва умра сафарларини бошлашга оид бирор-бир расмий баёнотни эълон қилгани йўқ.
Маълумки, 2020 йил 20 декабрь куни Саудия Арабистони Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш ҳамда Ҳаж ва умра вазирликлари расмий баёнот бериб, унда Буюк Британияда коронавируснинг янги мутацияси (SARS-CoV-2)нинг мамлакатда тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирларини эълон қилган.
Шунингдек, Саудия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тавсияси асосида аҳоли соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда қироллик ҳудудида SARS-CoV-2нинг тарқалишининг олдини олиш мақсадида, 2020 йил 21 декабрь кунидан мамлакатга кириш-чиқиш ёпилган эди. Ушбу чекловлар 2021 йил 17 майга қадар узайтирилгани тўғрисида ҳам хабарлар эълон қилинган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу йўналишдаги ўрганишларни давом эттирган ҳолда ҳаж сафари ва умра зиёрати билан боғлиқ хабарларни расмий нашрларда эълон қилинишини маълум қилади.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1443 times

Янгиликлар

Top