Ўзбекистон янгиликлари

Юртимиз меҳмонлари Имом Бухорий маркази ва Ҳадис илми мактабидаги шароитларни кўздан кечиришди

Хабарингиз бор, эртага, 15 март куни Самарқанд вилоятида “Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари ва бугунги кундаги тарбиявий аҳамияти” мавзусида ўтказиладиган халқаро анжуманда қатнашадиган Тожикистон ва Афғонистон делегацияси вакиллари юртимизга ташриф буюришган.

Меҳмонлар бугун куннинг иккинчи ярмида Самарқанднинг диққатга сазовор тарихий обидалари ва замонавий иншоотларига саёҳатини давом эттирдилар. Жумладан, Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилишди, Қуръон тиловат қилиниб, буюк муҳаддис бобомиз ҳақига бағишланди.

Шундан сўнг меҳмонлар Ҳадис илми мактаби ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида талабалар ва илмий тадқиқотчи олимларга қилинган шароитлар ва илмий-тадқиқот ишлари билан танишди.

Дастлаб меҳмонлар Ҳадис илми мактабидаги шароитларни кўздан кечиришди. Мактабнинг ташкил этилиш мақсадлари ва келажакда кутилаётган натижалар, мактабда талабаларнинг ўқишга қабул қилиш тизими ва мутахассислик, ўқув режасидаги фанлар ва ўқув адабиётлари таркиби ҳамда уни ислом оламидаги нуфузли уламолар томонидан эътироф этилганлиги, ўқитишда қўлланиладиган замонавий методлар ҳақида маълумот берилди.

Ташриф давомида уламолар талаба-ёшлар билан суҳбат қуришди, уларга илмий савол беришди. Талабаларнинг мавзунинг моҳиятини яхши англаган ҳолда, аниқ, лўнда ва тезда берган жавобидан мамнун бўлишиб, уларнинг билим ва малакасига таҳсин айтишиб, албатта, ушбу олийгоҳдан келажакда яна Имом Бухорий, Имом Термизий каби уламолар етишиб чиқишига ишонч билдирдилар.

Шунингдек, қардош халқлар уламолари таълим сифатини янада ошириш учун ўз тажрибалари билан ўртоқлашди, қўшимча ўқув дарсликларини ўқиш бўйича тавсиялар бердилар.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлган меҳмонлар бу ерда илмий-тадқиқотчиларга қилинган шароит, амалга оширилган хайрли ишлар билан танишиш асносида марказнинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотларга эга бўлишди.

Сафар жараёнлари ва халқаро анжуман ҳақидаги маълумотларни сайтимизда кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1660 times

Янгиликлар

Top