Ўзбекистон янгиликлари

Мир Араб олий мадрасаси талабалари билан учрашув ўтказилди 

2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб номланиши ҳамда талабалар билан очиқ мулоқот ўтказиш мақсадида жорий йилнинг 17 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов ва мудир ўринбосари Акбар Дўстматовлар томонидан Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасаси талабалари билан учрашув ташкил этилди.

Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси марказининг конференция залида ташкил этилган ушбу учрашувда глобаллашув шароитида диний соҳадаги кадрлар олдида турган энг муҳим вазифалар, айниқса, диний таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг муҳокама қилинди.

Шунингдек, маънавий-маърифий тадбирда сўнгги йилларда барча соҳалар каби диний соҳага ҳам жуда катта эътибор берилаётгани, диний соҳа вакиллари олдида ислом маърифати, соф ислом ақидасини етказиш, ёт ғояларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, халқимиз, айниқса, ёшларнинг онгида мафкуравий иммунитетни шакллантириш, халқимизга ҳанафийлик мазҳаби ҳамда мотуридия эътиқодини тўғри етказиш, ёт ғояларга қарши муносиб ва ўринли раддиялар бериш борасида бирлашиш, буюк алломаларимизнинг қолдирган маънавий меросларини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, Ватан ва халқ дарди билан яшашдек улкан масъулиятли вазифалар тургани алоҳида таъкидланди.

Шу билан бир қаторда мазкур учрашувда талабалар билан
очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг таклиф ва мулоҳазалари, муаммолари эшитилди ҳамда талабаларнинг таклиф ва муаммоларини ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди, тегишли хулоса ва тавсиялар берилди.

Тадбир якунида талабаларнинг китобхонликка бўлган қизиқишини янада орттириш ва уларни рағбатлантириш мақсадида Мир Араб олий мадрасасининг 20 нафар иқтидорли талабаларига Алоуддин Косонийнинг машҳур “Бадоеус саноеъ” номли икки жилдли китоби совға сифатида топширилди.

 

ЎМИ Таълим ва илмий

тадқиқот бўлими

Read 1546 times

Янгиликлар

Top