Ўзбекистон янгиликлари

Саудия Арабистони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига "Wei T’o" қурилмасини ҳадя қилади

Мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчиси Улуғбек Мақсудов Подшоҳ Файсал номидаги тадқиқотлар ва исломшунослик маркази бош котиби доктор Сауд Ал-Сарҳан билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Доктор Сауд Ал-Сарҳан жорий йил январь ойида Ўзбекистонга сафари тафсилотлари билан ўртоқлашди. Унинг айтишича, ушбу ташриф жуда самарали бўлди ва ҳамкорликнинг қатор аниқ йўналишлари белгилаб олинди. Жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан англашув меморандум имзоланиб, қўлёзмаларни ўрганиш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилгани қайд этилди.

Мулоқот давомида Саудия томонидан Ислом цивилизацияси марказига моддий-техникавий ёрдам масаласи муҳокама қилинди.

Ўзбекистондаги қўлёзмаларни стерилизациялаш, қайта тиклаш, микроблардан сақлашда ишлатиладиган махсус «Wei T’o» жиҳозини Ислом цивилизацияси марказига тақдим этиш учун буюртма берилгани таъкидланди. Ушбу асбоб Ислом цивилизацияси марказидаги 2 мингдан зиёд қўлёзманинг емирилишини олдини олади ва аслини йўқотмаган ҳолда сақлашда энг яхши восита бўлиб хизмат қилади.

«Wei T’o» асбоби тайёр бўлгач, Файсал маркази томонидан чоп этилган китоблар мажмуаси билан бирга Ўзбекистонга етказилиши маълум қилинди.
Ўз навбатида элчихона вакиллари республикамиздаги қўлёзмаларни ўрганиш ва уларни рақамлаштириш бўйича Саудия тажрибасини ўзлаштириш мақсадида ўзбекистонлик мутахассисларнинг подшоҳликка сафарини ташкил этиш таклифини билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти ва мамлакатимиздаги бошқа илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни фаоллаштириш хусусида ҳам фикр алмашилди.

Учрашув сўнггида Подшоҳ Файсал номидаги тадқиқотлар ва исломшунослик марказида сақланаётган буюк аждодларимиз Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурга тааллуқли қўлёзма асар ва китоблардан нусха олиш бўйича келишувга эришилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1507 times

Янгиликлар

Top