Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги (ИҲТ) доимий вакили Улуғбек Мақсудов ташкилотнинг Жидда шаҳридаги қароргоҳида Бош котибнинг фан ва технологиялар бўйича ўринбосари Асқар Мусинов билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ИҲТнинг фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йили ИҲТнинг Остонада бўлиб ўтган фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида илгари сурган ташаббуслар бўйича қилинаётган ишлар муҳокама қилинди.
А.Мусинов ИҲТ билан самарали ҳамкорлик учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Хусусан, ИҲТнинг Исломободдаги Илмий-технология бўйича ҳамкорлик доимий қўмитаси (COMSTECH) билан ҳамкорлигини қўллаб-қувватлашини, республикамизда ҳар йили ўтказиладиган робототехника бўйича халқаро мусобақаларни юқори баҳолашини қайд этди.
Бош котиб ўринбосари Ўзбекистоннинг ташаббусларини ИҲТ қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Самарқандда давлатлараро телескоп ўрнатилиши ва Ўзбекистонда олтита юқори кўрсаткичли компьютер марказларидан бирини жойлаштириш ташаббуси Ташкилот томонидан қабул қилинган “ИҲТ фан, техника ва инновация соҳасидаги ҳаракат дастури – 2026”нинг мақсад ва вазифаларига мос келади.
Суҳбатдошнинг маълум қилишича, ИҲТнинг фан ва технология бўйича иккинчи саммити жорий йил 16 июнь куни видеоанжуман шаклида Бирлашган Араб Амирликлари ўтказиши ва унда “ИҲТ фан, техника ва инновация соҳасидаги ҳаракат дастури – 2026” бўйича амалга оширилган вазифаларни бугунги кун талабига мослаштириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати