Ўзбекистон янгиликлари

Покистонлик зиёратчиларнинг Ўзбекистонга ташрифи ортмоқда

«Покистон ва Ўзбекистон муносабатларини икки мамлакат таҳлилий марказлари ҳамкорлиги доирасида тўлиқ қўллаб-қувватлайман», – дейди халқаро эксперт, Покистон Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази президенти Саид Холид Амир Жаффри. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар бермоқда.

– Ўзбекистон ва Покистон ўртасида бугун жуда фаол ва мувофиқлаштирилган алоқаларни йўлга қўймоқда, - деди эксперт. – Покистон 1991 йилда Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлатлардан ҳисобланади. Бироқ икки мамлакат ва икки халқ ўртасидаги алоқалар илдизи узоқ ўтмишга бориб тақалади.

Маълумки, ўзбек заминида Имом Бухорий, Имом Термизий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа даврининг буюк мутафаккир, аллома ва олимлар яшаб ўтган, уларнинг бебаҳо мероси Покистонга ҳам бевосита таъсир кўрсатган.

Ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал суръатда ривожланмоқда. Сўнгги йилларда ушбу йўналишдаги кўрсаткич 4 баробарга ошгани таъкидланмоқда. Бу эса икки қардош давлат ўртасидаги муносабатларни янада кенгайтириш учун умумий манфаат ва салоҳият мавжудлигини кўрсатади.

Ўзбекистондан Покистонга келаётган делегациялар, шунингдек, Покистон делегацияларининг Тошкентга сафарлари тобора кўпайиб бораётгани савдо-сотиқни диверсификациялаш ва иқтисодий ҳамкорликнинг янги йўналишларидан фойдаланишга ундамоқда.

Яқинда Ўзбекистоннинг турли вазирлик ва идоралари вакиллари Карачи ва Гвадар денгиз портларининг минтақалараро лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиш мақсадида Покистонда бўлди.

Куни кеча бўлиб ўтган онлайн-саммит Покистон учун ўта муҳим аҳамиятга эга. Зеро, у мамлакатимиз тарихида виртуал шаклда уюштирилган илк тадбир бўлиб, Исломобод бу борада илғор тажриба ўрганди.

Видео-анжуманда таъкидланганидек, Покистон ва Ўзбекистон ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун ҳам катта салоҳиятга эга.

Бундан ташқари, икки давлат минтақавий долзарб масалалар, хусусан, Афғонистон муаммосини ҳал қилишда фаол иштирок этмоқда, амалий таклифларни илгари сурмоқда. Тошкент ва Исломобод ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга кўмаклашишга тайёр, бу эса минтақалараро савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга имкон беради.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Покистон ўртасида туризм саноатини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд. Тармоқ компаниялари пандемиядан кейин ўзаро ҳамкорликни қайта тиклашмоқда. Покистонлик сайёҳлар зиёрат туризми йўналишида Ўзбекистонга фаол ташриф буюрмоқда.

Очиқ, дўстона ва конструктив муҳитда ўтган олий даражадаги онлайн-саммит Ўзбекистон ва Покистон ҳамкорлигини янада ривожлантиришга янги уфқлар ва имкониятлар очади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1638 times

Янгиликлар

Top