Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда ислом молиясини жорий этиш бўйича сўров ўтказилди

Ўзбекистонда ислом молиясини жорий этиш борасида аҳоли фикрини билиш учун махсус сўров ўтказилди. Натижаларга кўра, иштирокчиларнинг 60 фоиздан ортиғи мазкур тизим йўлга қўйилишига хайрихоҳлик билдирган.

Ўзбекистонда ислом молиясини ташкил этиш бўйича аҳоли фикрини билиш мақсадида 2 минг 235 нафар бизнес вакиллари ҳамда 5 минг нафар жисмоний шахслар орасида сўров ўтказилди. Бу ҳақда Олий Мажлис қонунчилик палатасида ўтказилган давра суҳбатида маълум қилинган.

Қайд этилишича, тўғридан тўғри ва онлайн шаклда ўтказилган сўровда бизнес субъектларининг 38 фоизи, жисмоний шахсларнинг 56 фоизи диний қарашлари сабаб анъанавий банк кредит хизматидан фойдаланмаслигини билдирган.

Иштирокчиларнинг 61 ва 75 фоизи Ўзбекистонда ислом молия муассасалари иш бошласа ёки ислом молия хизматлари таклиф этилса, уни танлашга тайёр эканлигини айтган.

Шунингдек, сўровда банклар ҳам иштирок этган ва улардан Ўзбекистонда ислом молия тизимини жорий этишдаги энг катта тўсиқлар ва муаммолар ҳақида сўралган.

Маълум бўлишича:

  • ислом молия маҳсулотлари ва хизматларини, жумладан, ислом суғуртаси бўлган «такофул»ни тартибга солувчи қонунлар йўқ;
  • амалдаги банк фаолияти ва солиқ бўйича қонунчилик ислом ҳуқуқи тамойиллари асосида ишлайдиган банклар учун мослаштирилмаган;
  • банклардаги мавжуд дастурий таъминот тизимлари ислом молия битимлари бўйича амалиёт ўтказишга мос эмас;
  • ислом молияси ва банки бўйича мутахассислар олий таълим тизимида тайёрланмайди. Шу боис, мутахассислар кам, амалий тажриба эса йўқ. Шунингдек, аҳолининг ислом молияси ҳақида билим ва тушунчалари ҳам етарли эмас.

«Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоизидан юқори қисми Ислом динига эътиқод қилади ва эътиқоди туфайли 15-20 фоизга яқин аҳоли анъанавий кредитлаш тизимидан фойдаланмаяпти.

Муқобил кредитлаш тизими орқали эса мазкур қатлам ҳам тўлиқ қамраб олиниши мумкин. Бу ана шу қатлам омонатларини иқтисодиётга жалб этиш, улардан эса оқилона фойдаланиш учун катта имконият яратади. Яъни бу орқали «захирадаги» ички инвестицияларни иқтисодиётимизнинг ўсишига жалб қилиш, хуфиёна иқтисодиёт салмоғини камайтириш, энг муҳими, тадбиркорликни ривожлантиришимиз мумкин бўлади», дейилади хабарда.

Ҳозирда Ўзбекистондаги бизнес субъектларининг 80 фоизи ички манбалар ҳисобидан молиялаштирилади ва уларнинг чорак қисмигина кредит хизматидан фойдаланади. Банк активларининг 85 фоизи эса давлат банкларига тегишли ва уларда кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш учун саноқли маҳсулотлар мавжуд.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёдаги 300 дан зиёд ислом банки ва молия муассасаларининг ялпи активлари 2,5 триллион АҚШ долларидан ошиб, йилига 15-20 фоизга ўсмоқда.

Тизимни иқтисодиётга жорий этиш учун амалдаги банк қонунчилиги, солиқ ва фуқаролик кодекслари ҳамда бошқа қонуности ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ёки алоҳида қонун қабул қилиниши лозим бўлади. Қолаверса, бу соҳада кадрларни тайёрлаш ва аҳолининг саводхонлигини ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Мутахассисларнинг айтишича, исломий молиялаш тизими аҳоли қўлидаги бўш маблағларни реал иқтисодиётга жалб қилиш орқали ҳам иқтисодиёт, тижорат ва аҳоли фаровонлигини сезиларли даражада фаоллаштиришга қўшимча имкон яратади.

Маълумот учун, исломий молия фойда ва зарарни бўлишиш ҳамда реал активларга асосланган молиялаштиришни кўзда тутади. Яъни у –шерикчиликка асосланади.

Тизимда мижоз талаби билан объектни қуриш, асбоб-ускуналар, товар, хомашёлар олиб бериши ёки уларни ижарага бериши мумкин. Шериклик асосидаги мазкур молиялаш тизими дахлсизлик, шартнома мажбуриятларига риоя қилиш, таваккалчиликлар, фойда ва даромадларни адолатли тақсимлаш, иқтисодий фаровонлик ва ижтимоий адолатнинг мувофиқлик тамойилларига асосланади.

Ахлоқий меъёрларга риоя қилиш, ижтимоий адолат, қонун доирасида ҳаракат қилиш, маблағларни меъёрида сарфлаш ва монополияга қарши курашиш мазкур тизимнинг фундаментал асоси ҳисобланади.

Read 1537 times

Янгиликлар

Top