Ўзбекистон янгиликлари

Индонезияда "Ўзбекистонда рамазон" теледастури намойиш этилади

Ўзбекистонга Индонезиянинг қатор ОАВ вакилларидан иборат делегация келди. Улар 166 млн аудиторияга эга бўлган ANTV, CNN, TVRI, RRI, TransTV, Trans7 ва ASWA Muslim TV каби телеканал мухбирларидан иборат.

Ташрифдан кўзланган мақсад индонезиялик сайёҳларнинг Ўзбекистон ҳақида хабардорлигини ошириб, зиёрат туризмини кенг тарғиб қилиш орқали сайёҳлар оқимини ошириш.

Икки ҳафта мобайнида делегация вакиллари республикамизнинг Тошкент, Термез, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Қўқон шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилади, деб хабар бермоқда uzbektourism.uz.

Мазкур ташриф Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, бунда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, зиёратгоҳ ва тарихий обидалари билан таништириш реж қилинган. Бунинг учун барча ҳозирликлар кўрилган.

Ҳозирда Индонезия миллий телевидениесининг бир неча каналларида "Ўзбекистонда рамазон" теледастури тайёрланиб, унда Рамазон ойида саҳарлик ва ифторлик вақтларида индонезиялик томошабинлар учун Ўзбекистоннинг муқаддас зиёратгоҳ ва буюк уламолари ҳақида маълумот берилади.

Шунингдек, делегация сайёҳлик манзиллари билан танишиб, туризм соҳасидаги туроператор, авиакомпания, меҳмонхона, музей каби ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги ўрганилади.

Бу икки давлат ўртасида туризмни ривожлантириш, индонезияликларни юртимизнинг қадим тарихи, мавжуд зиёратгоҳлари, буюк уламолар мероси билан таништириш орқали ислом динига оид янги маълумотларга эга бўлишига хизмат қилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1361 times

Янгиликлар

Top