Ўзбекистон янгиликлари

Саудия Арабистони Ўзбекистонга йилига 100 минг сайёҳ юбориши мумкин

Саудия Арабистонининг кўчмас мулк объектларига инвестиция киритувчи йирик компаниялари вакиллари билан онлайн мулоқот ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Тадбирда Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Саудия Арабистони миллий компанияларни қўллаб-қувватлаш агентлиги, икки мамлакат компаниялари вакиллари, мамлакатимиз элчихонаси ходимлари қатнашди.

Онлайн тадбирда мамлакатимиз, жумладан, Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозорида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ўзгаришлар, маҳаллий ва хорижий тадбиркорларга яратилаётган қулай шароитлар ҳақида маълумот берилди, саудиялик инвесторларга ушбу соҳада ҳамкорлик қилиш бўйича лойиҳалар тақдим қилинди.

Ўз навбатида, саудиялик инвесторлар жорий йил январь ойида Ўзбекистонга қилган сафарини мамнуният билан эслаб, мамлакатимизда гувоҳи бўлган янгиланишлар жараёни ва яратилаётган бизнес имкониятларлан руҳланганини таъкидлади.

Уларнинг фикрича, Ўзбекистон Марказий Осиёда энг кўп бизнес имкониятларга эга давлатга айланмоқда. Тадбиркорлар тижорат, меҳмонхона, туризм ва бошқа кўп мақсадли инвестицион кўчмас мулк объектларини қуришни режалаштираётганини айтди.

Мулоқотда туризм соҳасига оид объектлар қурилишига алоҳида эътибор бериш зарурлиги қайд этилди. Бугун Саудия Арабистонида Ўзбекистонга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда ва бу кейинги йилларда ушбу мамлакатдан туристлар оқими ўсишига хизмат қилиши қайд этилди.

Томонлар ўзаро авиақатновлар кўламини кенгайтириш истиқболларини ҳам муҳокама қилди.
Ўз навбатида, Саудия Арабистони томони хорижий инвесторларга ажратилган ер участкаларининг жойлашишига катта аҳамият беришини, Ўзбекистон ҳукумати эса кўпроқ сайёҳлик объектларининг қурилишига имкон беришини таъкидлади.

Бунга сабаб суҳбатдошларнинг фикрича, яқин йилларда Саудия Арабистони Ўзбекистонга йилига 100 минг, ҳозирги кунда эса – йилига 1-2 минг сайёҳ юбориш имконига эга.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1516 times

Янгиликлар

Top