Ўзбекистон янгиликлари

Имом-хатиблар ташаббуси билан 16 минг эҳтиёжманд оилага 4 миллиард сўмлик хайрия қилинди

Рамазон – тоат-ибодат ойи бўлиши билан бирга саховат ойи ҳамдир. Бу пайтда мўмин-мусулмон халқимиз хайрия ишларига янада кўпроқ эътибор беради. Имом домлалар ҳам бу ойда саховатпеша инсонларни эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатишга тарғиб қилади, хожатбарорларга бериладиган ажру мукофотлар хушхабарини улашадилар.

Бу йил мўмин-мусулмон халқимиз ўтган Рамазон ойларига қараганда кўпроқ хайрия ишига бел боғлаган. Буни имом-хатибларимиз ташаббуси билан саховатпеша инсонларнинг ҳақдор биродарларимизга қилаётган ёрдамларидан ҳам билиш мумкин.

Биргина жорий йил 12-25 апрел кунлари, икки ҳафта давомида Республикамиз бўйича 16 мингдан кўпроқ оилага 4 миллиард уч юз миллондан ортиқ моддий ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, икки миллиард етти юз миллиондан ошиқ озиқ овқат маҳсулотлари, уч юз миллионга яқин уй-рўзғор буюмлари, бир миллиарддан ортиқ кийим кечак каби бошқа турдаги маҳсулотлар, уч юз миллионга яқин нақд пул берилди.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эҳсоннинг мукофоти фақатгина эҳсондир” (Ар-Роҳман сураси, 60-оят). Яъни, яхшиликнинг мукофоти фақатгина яхшиликдир. Ояти каримадаги биринчи яхшиликни бандалар қилади. Унинг ичига барча эзгу ишлар киради. Иккинчи яхшилик эса Аллоҳ таоло яхшилик қилувчиларга берадиган жаннатдир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Энг афзал садақа Рамазонда қилинган садақадир”. Имом Аҳмад ва “Сунан” соҳибларининг баъзиларидан қилинган ривоятда: “Ким бир рўзадорга ифторлик берса, у учун у (рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарса камаймаган ҳолатда бўлади (ёзилади)”, деганлар.

Азиз юртдошлар, Рамазон ойининг барча учун қувонч ва севинч ойи бўлиши сари қадам ташлайлик!

Эслатиб ўтамиз, имом-хатиблар ташаббуси билан Рамазоннинг илк ҳафтасида қарийб 2 миллиард сўм хайрия қилингани ҳақида хабар бергандик.

Аллоҳ таоло имомларимизнинг қилаётган хайрли амалларига кўмакчи бўлсин, эҳтиёжманд инсонларга қилинаётган хайрли ишларнинг файзини бунданда зиёда айласин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1661 times

Янгиликлар

Top