Ўзбекистон янгиликлари

Фарғонадаги икки масжид қурилишига кўмак берилди

Диёримиздаги масжидлар қиёфаси ва уларда яратилган шарт-шароит, қулайликлар ҳар бир мусулмоннинг дилини яйратади. Юртимиз жомеларини ободонлаштириш ишлари нафақат шаҳарлар, балки қишлоқларда ҳам кенг кўламда олиб борилмоқда. Жумладан, айни шу мақсадда Фарғонадаги икки масжид ҳакм қайта бунёд этилмоқда.

Қувасой шаҳри Сўфон қишлоғида жойлашган “Сўфон” жоме масжидининг эскирган биноси 1989-1990 йилларда қурилган. Масжиднинг бино ва иншоотлари бугунги кунга келиб замонавий архитектура талабларига жавоб бермай қолган, шарт-шароитлари ҳаминқадар бўлиб қолган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ушбу масжидни янгидан замонавий архитектура талаблари асосида намозхонлар учун хавфсиз ва қулай имкониятларга эга қилиб қуриш ҳақидаги мурожаатни қўллаб-қувватланди.

Жорий йил 1 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Искандар домла Ҳалилов масжидда олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишиш, идора томонидан берилаётган моддий ёрдамларни етказиш мақсадида “Сўфон” жоме масжидига ташриф буюрди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳомийларни жалб қилган ҳолда ҳозирга қадар қиймати ярим миллиарддан ортиқ қурилиш маҳсулотлари, жумладан, 300 миллионн сўмдан ортиқ 500 минг донага яқин ғишт, 200 миллон сўмлик темир, 30 миллион сўмлик цемент, 25 миллион сўмлик гипсокартон етказиб берилди. Шунингдек, 20 миллиондан ортиқ шипоклофка ва бошқа қурилиш маҳсулотлари олиб бериш режа қилинган.

Шунингдек, Олтиариқ туманидаги “Оқ дўппи эшон” жоме масжидида ҳам қурилиш жадал кетмоқда. Искандар домла Ҳалилов мазкур масжидда ҳам бўлиб, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди, таровеҳ намозида иштирок этиб, жамоатга муфтий ҳазратларининг салом ва табрикларини етказди ва қурилиш материал учун ажратилган 40 миллион сўмлик махсус сертификатни топширди.

Ушбу хайрли ишдан масжид аҳли ҳам мамнун бўлди. Жамоат билан хайрли дуолар қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1539 times

Янгиликлар

Top