Ўзбекистон янгиликлари

"Kompas" сайти: Ал-Хоразмийнинг илм-фанга ҳиссаси беқиёс

Индонезиянинг «Kompas» ахборот сайтида буюк математик, астроном ва географ Ал-Хоразмий ҳаёти ва ижоди ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Муаллиф Маҳар Прастиви мазкур мақоласида Ўрта аср Шарқи буюк алломасининг аниқ ва табиий фанлар ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз юритган. «Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий математика тараққиётида муҳим ўрин тутган, – деб ёзади у. – Ал-Хоразмий қадимги Хоразмда туғилган. У Ғарб ва Европа мамлакатларида Алгоритмус номи билан ҳам машҳур. Ал-Хоразмий математикадан ташқари астрономия, мусиқа, фалсафа, география, кимё ва бошқа фанлар бўйича ҳам етук олим бўлган».

Хоразмий бир неча хорижий тилларни мукаммал билган ва китоблар таржима қилган. Унинг «Ал-Китаб ал-мухтасар фи хисаб ал-жабр ва'л-мукабала» номли асари математикада алгебрани ўрганишга асос бўлган.

Муаллиф Ал-Хоразмий бу билан чекланиб қолмай, биринчи бўлиб фанга ноль рақамини киритганига эътибор қаратган. Буюк математик олимнинг ақл-идроки ва асарлари кўплаб Ғарб олимларини имҳомлантирган. Жумладан, Коперник ҳам Ал-Хоразмий асарлари ва кашфиётларидан ҳайратланганини эътироф этган.
«Жаҳон алгебрасининг отаси — Ал-Хоразмийнинг ҳаёти ва ижоди барчага намуна бўлиб хизмат қилади», – дея хулоса қилади «Kompas».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1333 times

Янгиликлар

Top