Ўзбекистон янгиликлари

“Ўн бир Аҳмад” мажмуаси – зиёрат туризми маркази бўлади

Наманганда мутлақо янги қиёфа касб этган “Ўн бир Аҳмад” зиёратгоҳ мажмуасида мукаммал таъмирлаш ишлари якунланиб, зиёратчилар ва сайёҳлар ихтиёрига топширилди.

2018 йилда Наманган шаҳрида жойлашган “Ўн бир Аҳмад” зиёратгоҳ мажмуасида мукаммал таъмирлаш ишлари бошланиб, ушбу муборак масканга замонавий тус бериш, сайёҳлар ва зиёратчилар учун барча қулай шароитлар яратиш бўйича қатор ишлар бажарилди.

ЎзА хабарига кўра, 2020 йил сентябрь ойида бунёдкорлик жараёнига янгидан импульс берилди. Фидокор қурувчиларнинг зарбдор меҳнати туфайли қисқа муддатда замонавий андозаларга тўлиқ жавоб берадиган бино ва иншоотлар қад ростлади. Уларни бунёд этишда миллий меъморчилик анъаналаридан кенг фойдаланилди.

Ушбу ҳудудни мўъжазгина истироҳатгоҳга ҳам ўхшатиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Ўн бир Аҳмад тарихини ўрганиш юзасидан бошланган хайрли ишларимиз тўхтамайди. Ул зотларнинг ҳар бири ҳақида китоблар ва достонлар ёзилажак. Аждодларнинг бебаҳо меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этиш, қадамжоларини обод масканга айлантириш ва келажак авлодга бус-бутун етказиш бугунги авлоднинг вазифасидир.

Тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, зиёратгоҳлар ва қадамжолар ободлиги йўлидаги хайрли ишлар юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Бундай эзгу амаллар ҳали давом этади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1547 times

Янгиликлар

Top