Ўзбекистон янгиликлари

Фотима Бадави: Ўзбекистонда диний ислоҳотлар – халқаро даражадаги ибрат намунаси

Мисрда чоп этиладиган “Ал-Махруса ал-Ахбария” ва “Ал-Хабар ал-Йаум” нашрлари саҳифаларида журналист Фотима Бадави қаламига мансуб «Ўзбекистонда диний ислоҳотлар – халқаро даражадаги ибрат намунаси» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Унда бугунги кунларда Ўзбекистонда барча диний конфессиялар учун мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларида самарали ва эркин иштирок этишига имкон берадиган ижтимоий-сиёсий, жумладан, диний-маърифий соҳалардаги ислоҳотларнинг янги йўли кузатилаётгани маълум қилинган. Қайд этилганидек, давлат турли муаммоли масалаларнинг ҳал этилишига кўмаклашиш йўли билан диний ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни, шунингдек, жамиятда динлараро ҳамда миллатлараро тинчлик ва ҳамжиҳатлик барқарорлиги бўйича биргаликда таклиф ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва динлараро мулоқот маданияти ривожланишини таъминламоқда. Дин соҳасидаги бундай ижобий тамойил республика раҳбариятининг сиёсий иродаси ва бу соҳадаги изчил инсонпарварлик сиёсати туфайли юзага келди.

Кейинги беш йил давомида Ўзбекистон ҳудудидаги адлия идораларида ҳаммаси бўлиб 61 та диний ташкилот рўйхатдан ўтиб, юридик шахс мақомини олди. Мақолада таъкидланганидек, шу тариқа уларнинг умумий сони 2 минг 300 тага етди.

Мақолада Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар, жумладан, махсус мандатарийлар билан диний эркинликни таъминлаш масалалари бўйича ҳамкорликни фаол ривожлантираётгани алоҳида таъкидланган. 2017 йил октябрида БМТнинг диний ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмед Шаҳид илк маротаба Ўзбекистонга келди. Унинг тавсиялари ҳисобга олинган ҳолда, парламент томонидан дин ва эътиқод эркинлиги таъминланиши бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Муаллифнинг қайд этишича, Ўзбекистонда бу соҳадаги қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётни такомиллаштириш юзасидан фаол ишлар олиб борилмоқда. Масалан, ҳозирги пайтда янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ниҳоясига етиш арафасида турибди. Уни ишлаб чиқишда давлат органлари, жамоат ташкилотлари, диний конфессиялар, оддий фуқаролар ҳамда хорижлик экспертларнинг таклифлари ҳисобга олинмоқда.

Нашр тақдим этган маълумотларда қайд этилганидек, «2019-2020 йиллари Ўзбекистон томонидан ўтказилган «Меҳр» инсонпарварлик акцияларининг натижаси ўлароқ, мамлакатнинг аёллар ва болалардан иборат 300 нафардан зиёд фуқароси Яқин Шарқдаги қуролли тўқнашувлар ҳудудларидан Ватанга олиб келинди. Уларнинг тезроқ реинтеграциялашуви ва реабилитациясига кўмаклашиш мақсадларида давлат даражасида тиббий, руҳий, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш бўйича мажмуавий чора-тадбирлар ҳаётга тадбиқ қилинди. Олиб келинган фуқароларнинг барчасини тинч ҳаётга ва жамиятга интеграциялашуви учун зарур шароитлар, уй-жой ва иш билан таъминлаш йўли билан таълим ва бошқа ижтимоий дастурлардан баҳраманд бўлиш имкониятлари яратилди».

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1383 times

Янгиликлар

Top