Ўзбекистон янгиликлари

Имом Бухорий меросини оммалаштириш бўйича Малайзия билан ҳамкорлик қилинади

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги эчихонаси Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар маркази директори Шовосил Зиёдов Малайзия Ислом цивилизацияси институти (МИЦИ) директори Фариза Шом билан онлайн музокара ўтказиб, унда ҳамкорлик ва бўлажак қўшма тадбирлар масалалари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.

Онлайн учрашувда Малайзия томони Имом Бухорий марказининг фаолияти, буюк ислом илоҳиётчиси ва мусулмон оламининг илм-фан ва фалсафа ривожига катта ҳисса қўшган бошқа мутафаккирларининг бой меросини тадқиқ этиш ва кенг ёйиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва лойиҳалар билан таништирилди.

Томонлар ҳамкорликни йўлга қўйиш, илмий адабиётлар, икки муассаса кутубхона ва архивларида сақланаётган қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини алмашиш, жумладан, илмий ходимлар стажировкаси ва илмий лойиҳалар натижаларини чоп этиш орқали анжуман ва семинарлар ташкил этиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш борасида қизиқиш билдиришди.

Бундан ташқари, ҳамкорлик доирасида жорий йил 31 май куни Малайзия Республикаси элчихонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон ислом санъати онлайн-кўргазмасига бағишланган вебинар ўтказиш муҳокама қилинди.

Вебинар Малайзия илмий-академик жамоатчилигини мамлакатимизнинг бой мероси, ислом маданиятининг ҳақиқий қадриятлари билан таништириб, Ўзбекистон ҳунармандларининг санъат, мусиқа ва ижод призмаси орқали Имом Бухорий асарларини тарғиб қилинади.

Музокаралар натижасида ҳамкорликни ривожлантириш ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар алмашиш ҳамда ҳамкорлик меморандуми лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1528 times

Янгиликлар

Top