Ўзбекистон янгиликлари

Отинойилар учун ўқув-семинар ўтказилди

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги, вилоят “Аёллар маслаҳат маркази” ҳамкорлигида куни кеча “Хотин-қизлар ўртасида турли ёт ғоялар тарқалишининг олдини олиш ва унга қарши курашишда отинойиларнинг ўрни” мавзусида ўқув-семинари ўтказилди.

Унда вилоят ҳокимлиги вакиллари, ЎМИнинг вилоятдаги вакили Р.Усмонов, вилоят Адлия бошқармаси бўлими бошлиғи А.Исоқов, вилоят прокуратураси ва ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари, Қарши давлат университети профессори С.Чориев, вилоят маънавият-тарғибот маркази раҳбари Л.Саодатова, вилоят “Аёллар маслаҳат маркази” раҳбари О.Анорова, вакилликнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Ш.Каромова ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Ўқув-семинар давомида жойларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, оила ва жамиятда ҳамда фарзанд тарбиясида аёлларнинг ўрни, хотин-қизлар ўртасида бидъат-хурофот ва ақидапарастлик ҳамда ўз жонига қасд қилиш каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашишда отинойиларнинг ўрни ва вазифалари каби масалалар юзасидан батафсил маълумот берилиб, аниқ вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, отинойилар аҳоли орасида ҳар томонлама намуна бўлиши, миллий ва диний урф-одатларимизни, қадриятларимизни ўз ҳолича ёшларга етказиш, уларни, айниқса, қизларимизни иболи ва ҳаёли этиб тарбиялашда оналарнинг ўрни беқиёс экани, тўй ва маъракаларни ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда ўтказиш бўйича жойларда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш кераклиги айтиб ўтилди.

Ўқув-семинар иштирокчиларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари атрофлича жавоб бердилар. 

Бекмурод САҲРИЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилояти вакиллиги масъул ходими

Read 5308 times

Янгиликлар

Top