Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон элчиси АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси (USCIRF) раҳбарияти билан учрашди

Бу ҳақда «Дунё» АА хабар бермоқда. Учрашувда USCIRF аъзолари Надин Маэнза ва Нури Туркел ҳамда катта илмий ходими Келли Бакен иштирок этди.

Музокараларнинг асосий мавзуси Ўзбекистонда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун лойиҳасига киритилган янгиликлар, шунингдек, диний ташкилотларни рўйхатга олиш ва уларнинг фаолиятини соддалаштириш, илгари таъқиқланган ташкилотларда иштироки учун ҳукм қилинган шахсларни декриминализация ва дерадикализация қилиш чораларига бағишланди.

Комиссия вакиллари Ўзбекистоннинг диний эркинликларни таъминлаш, диний ташкилотларни, жумладан, ислом динига оид бўлмаган ташкилотларни рўйхатга олиш ва илгари диний экстремизмда айбланиб судланган шахсларни озод этиш борасидаги ўзгаришларни олқишлади. Шунингдек, улар Ўзбекистон томонидан 530 дан ортиқ аёллар ва болаларни қуролли можаролар ҳудудларидан қайтариш бўйича беш марта «Меҳр» операцияси муваффақиятли амалга оширилганини алоҳида таъкидлади.

Комиссия аъзоалари декабрь ойида «Декларациялар мулоқоти» халқаро форумини ўтказиш режасини қўллаб қувватлаб, мазкур анжуман якунлари бўйича «Бухоро декларацияси» қабул қилинишининг долзарблигини, диний эркинликларни тарғиб қилиш ва радикаллашувга қарши курашишнинг ўзбек моделига хос тамойилларини маърифат ёрдамида мустаҳкамлаш муҳим эканини қайд этди.

Элчихона маълум қилишича, учрашувдан сўнг комиссия аъзоси Надин Маэнза Twitter саҳифасида қуйидаги хабарни қолдирди:
«Ўзбекистонда диний эркинликларни таъминлаш бўйича шарт-шароитларни ўзгартириш бўйича давом этаётган ислоҳотлардан мамнунмиз. Сўнгги бир неча йил ичида ана шундай эътиборга молик натижаларга эришилмоқда!»

USCIRF АҚШ ҳукуматининг 1998 йилда Халқаро диний эркинлик тўғрисидаги актга (IRFA) мувофиқ икки партиялик асосида ташкил этилган мустақил маслаҳат органи ҳисобланади. Комиссия дунёда дин ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига риоя этилишини назорат қилади ва бу борадаги тегишли тавсияларни АҚШ Президенти, Давлат котиби ва Конгрессига тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил комиссия ўзининг йиллик ҳисоботида 15 йил ичида биринчи марта АҚШ Давлат департаментига Ўзбекистонни диний эркинликлар соҳасида алоҳида ташвишга молик давлатлар рўйхатига киритишни тавсия қилмади. Ўтган йилнинг декабрь ойида АҚШ давлат котиби Ўзбекистонни диний эркинлиларни бузаётган давлатлар рўйхатидан бутунлай чиқарди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1211 times

Янгиликлар

Top