Ўзбекистон янгиликлари

Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида “ХАТМОНА  – 2021” битирув кечаси бўлиб ўтди

Бугун 12 июнь куни Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида “ХАТМОНА  – 2021” битирув кечаси бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, Имом Эшон жомеъ масжиди вакиллари, билим юрти ўқитувчилари, ходимлари, талабалари ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тадбир Қуръони карим тиловати ва дуолар билан бошланди. Ундан сўнг билим юрти мудири Ш.Бауатдинов кириш сўз билан очиб берди ва билим юрти битирувчиларини, шунингдек, ота-оналарини шу айём билан табриклади. У ўз сўзида сўнги йилларда қўлга киритилаётган билим юртининг мувофақиятлари, эришган ютуқларини эслаб ўтди ва бу натижаларда бугунги битирувчиларнинг ҳам ҳиссаси борлигини эътироф этди. Шунингдек, ота-оналарга мурожаат қилиб:

– Албатта, билим юртимизнинг эришиб келаётган юқори натижалари сизлар берган тарбия билан биз берган таълимнинг уйғунлиги деб биламан, – деб таъкидлади Ш. Бауатдинов.

Байрамга ташриф буюрган муҳтарам ота-оналар ҳам ўзларининг дил изҳорларини айтиб, айниқса, таълим-тарбия берган устозларга миннатдорчилик билдиришди ва ҳақларига дуолар қилди.

Тадбирнинг бадиий қисмида билим юрти талабалари ўзлари тайёрлаган шеър, монолог ва нашидаларини намойиш этди.

Ташриф буюрган меҳмонлар учун диний-маърифий мазмунда савол-жавоблар ўйини ташкил этилиб, жавоб берган қатнашчиларга билим юрти томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир давомида ўқув йили якуни муносабати билан бир қатор фаол ўқитувчи-устозлар ва талабаларга билим юрти томонидан таъсис этилган ҳар хил турдаги номинациялар бўйича фаҳрий ёрлиқлар топширилди.

Битирувчи талабаларга устозлари томонидан келажакда илмлари яна ҳам зиёда бўлишини, ораларидан илмига амал қилувчи олиму уламолар чиқишини, халқига, динига, Ватанига хизмат қиладиган ҳақиқий жонкуяр, ўз илмининг мутахассислари бўлиб этишишини тилаб, хайрли дуолар қилинди.

Тадбир сўнгида билим юрти талабалари томонидан хатми Қуръон тиловат қилиниб, савоби Ватанимиз, халқимиз, динимиз учун шу диёрда хизмат қилиб ўтган уламоларга, устозларга ва бошқа марҳум ва марҳумаларга бағишланди.

Шундан сўнг барча меҳмонлар байрам дастурхонига таклиф қилиниб, қорақалпоқ миллий таомлари билан меҳмон қилинди. Шу таризда «Хатмона – 2021» битирув кечаси юқори савияда, аъло кайфиятда ўз якунига етди.

Нукус “Муҳаммад ибн аҳмад ал Беруний”

 ўрта махсус ислом билим юрти

 мудир ўринбосари А.Ережепов.

 

Read 1769 times

Янгиликлар

Top