Ўзбекистон янгиликлари

«Мубаййин» асари қўлёзмаси фотонусхаси юртимизга топширилди

Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказига Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Эронда сақланаётган «Мубаййин» асари фотонусхаси тақдим қилинди.
Бу ҳақда Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур қўлёзма эски ўзбек тилида ёзилган бўлиб, ҳар сатр остида матннинг форсча таржимаси берилганлиги билан аҳамиятли.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур "Мубаййин" асарини 1521 йил Ҳиндистонга юришлари даврида яратди. Маснавий тарзида ёзилган, ислом ҳуқуқшунослиги ва шариат ақидаларига бағишланган бу асарда Мовароуннаҳр ва Ҳиндистонга оид ўша давр ижтимоий-иқтисодий ҳаёти бўйича қизиқарли маълумотлар ҳам жамланган. Қўлёзма эски ўзбек тилидаги энг гўзал ҳаттотлик йўналишларидан бири – насталиқ хатида кўчирилган.

Валиаҳд Ҳумоюн ва Комрон Мирзоларга дастуруламал сифатида мўлжалланган “Мубаййин”да, айни замонда, намоз, закот ва ҳаж зиёрати тўғрисида ҳам шаръий мезонлар баён қилинган.

Қўлёзма асар Теҳрон шаҳрининг “Гулистон саройи” музейи қўлёзмалар фондида сақланади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1412 times

Янгиликлар

Top