Ўзбекистон янгиликлари

«Бухорий: Ислом санъати» кўргазмаси Францияда ўтказилди

Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий мероси, ислом динининг инсонпарварлик тамойилларини тарғиб этиш мақсадида Имом Бухорийнинг «Саҳиҳул Бухорий» асари асосида ўтказиб келинаётган «Ислом санъати» халқаро онлайн кўргазмасига чет эл жамоатчилигининг қизиқиш ортиб, тадбирнинг географияси тобора кенгайиб бормоқда. Бу галги кўргазма Франция илмий-маданий жамоатчилигига намойиш этилди.

Тадбир Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси кўмагида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Буюк Британиянинг Лестер университети ва “Dacore IT” ташкилоти томонидан ташкил этилди.

Унда юртимизнинг таниқли уста-рассомлари билан бирга, ёш ижодкорлар ўз санъат асарларини. Ўзбек миллий санъати, маданияти ва илм-фанини тарғиб этаётганлар қаторида миниатюрачи, китоб санъати бўйича рассом, хаттот, графикачи рассом ва фотосуратчи каби ёш истеъдод эгалари бор.

Таомилга биноан, «Сўғдиёна» миллий чолғу-асбоблари камер оркестри жамоаси кўргазма учун махсус тайёрланган «Зикр» номли композициясини тақдим этди.

Имом Бухорийнинг ҳадис тўплаш йўлидаги меҳнати ва илмий изланишларини акс эттирувчи ушбу кўргазма қатор ижодкорларни бир жойга тўплади. Тадбир учун яратилган барча санъат асарлари «Саҳиҳул Бухорий» тўпламидан илҳомланган санъат усталарининг ижод маҳсули ҳисобланади. Уларни бир хайрли мақсад – ўз асарлари орқали ислом динининг ақл-заковат, адолат, тинчлик ва бағрикенгликни мужассам этган эзгу ғояларини халқаро миқёсда санъат мухлисларига тарғиб этиш нияти бирлаштириб турибди.

Кўргазманинг очилишида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов бундай тадбирлар табаррук заминимиздан етишиб чиққан улуғ алломалар меросини жаҳон оммасига тарғиб этиш баробарида, халқлар ўртасидаги илмий-маърифий алоқаларни ривожлантиришга ҳам хизмат қилишини таъкидлади. Марказ томонидан халқаро ҳамкорлик, илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ҳақида маълумот берди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Матбуот хизмати хабарига кўра, муассаса томонидан ўтган давр мобайнида бажарилган ишлар ва эришилган ютуқлар акс эттирилган видеоролик намойиш этилди.

– Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда «Ислом санъати» туркум кўргазмаларининг навбатдагисини ташкил этиш бизга катта мамнуният бахш этади. Ўзбекистон қадим тарихга эга мафтункор ва гўзал мамлакат. Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Марғилон каби кўҳна илм-маърифат марказлари билан донг таратган бу мамлакат бутун инсоният цивилизацияси ривожига катта ҳисса қўшган. Исломнинг олтин даврини яратган Муҳаммад Хоразмий каби мутафаккирлар шу замин фарзандлари ҳисобланиши кўп нарсадан дарак беради, – деди кўргазмада иштирок этган Лестер университети доценти Марта Гаспарин хоним.
Кўргазма иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Санъат асарлари эса дунёнинг бошқа гўшаларини забт этиш учун аллақачон йўлга отланган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1541 times

Янгиликлар

Top