Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Андижон бош масжидида  жума намозини адо этдилар

Куни кеча муҳтарам Президентимиз Андижон вилояти Бош жоме масжидига ташриф буюрганлари ҳақида хабар берган эдик. Ташриф чоғида ушбу жоме масжид билан Андижон халқини муборакбод этиб, узоқ йиллар халқимизга хизмат қилиши сўралди.

– Ҳамма жойларда муқаддас зиёратгоҳларни обод қилиш, янги масжид ва маърифат марказлари қуришга эътибор қаратяпмиз. Бундай хайрли ишларни давом эттирамиз. Мўмин-мусулмонлар бу ерга келиб, ибодатларни эмин-эркин бажариб, шукроналик билан халқимизни дуолар қилса, нур устига нур, – деди давлатимиз раҳбари.

Бугун эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари жума намозини мазкур жоме масжидда минглаб намозхонлар билан бирга адо этдилар. Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов, Диний идора иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ва Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази масъул ходими Аброр Мухтор Алий ҳамроҳлик қилмоқда.

Ушбу муҳташам ва қадимий жоме масжиднинг очилиши муносабати билан муфтий ҳазратлари барча йиғилганларни қутлаб, бу даргоҳни барпо этишга ҳисса қўшган муҳандислар, қурувчилар, безакчилар, ҳомийларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.

Муфтий ҳазратлари жума мавъзисида бугунги кунда мўмин-мусулмонларга муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида жуда катта имкониятлар берилаётгани, шароитлар ҳозирланаётгани ҳақида гапириб, ўзгаришлар, янгиланишлар ва хушхабарлар ҳақида сўзладилар. Ҳозирги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган муборак динимиз тараққиёти йўлидаги хайрли ишлар, янги-янги ижроотлар, хушхабарлар ва бундай неъматларга ҳар бир киши туну кун Парвардигорга шукрона қилиши лозимлигини айтдилар.

Албатта, ушбу хурсандчиликдан барча бирдай хурсанд бўлиб, муфтий ҳазратлари бошчилигида барча жамоат дуога қўл очиб, Аллоҳ таолодан юртимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровонлигини сўраб дуои-хайрлар қилдилар.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 
 
Read 2027 times

Янгиликлар

Top