Ўзбекистон янгиликлари

"Овчи бува" зиёратгоҳи ҳақида биласизми?

Наманган вилояти Уйчи туманидаги "Овчибулоқ" зиёратгоҳи экотуристик салоҳиятга эга сўлим қишлоқда жойлашган.
Халқ орасида ушбу зиёратгоҳ ҳақида бир қанча ривоятлар мавжуд. Айтишларича, Нажд водийсидан таралган нур Фарғона водийси сари етиб кела бошлаган VI-VII асрларда саҳобалар ташрифи кузатилади. Шундай улуғ инсонлардан бири етти фарзанди билан бу муаззам диёрга келиб, кейинчалик турли ҳудудларга тарқалади.

ЎзА хабарига кўра, бирлари Шоҳимардонга, бошқалари Арслонбоб (Қирғизистон), Подшоота, Чодак, Сафедбулон, Балиқли мозор ва Овчибулоққа деган жойларга ўрнашади. Улар элга исломдан сабоқ бериб, деҳкончилик, чорвадорлик, ҳунармандчилик, боғбонлик билан шуғулланишган. Улардан бири Овчи бува эса овчи моҳир бўлган экан.

Бу жойлар ботқоқ ва тўқайзор бўлиб, бу ерда ичимлик суви бўлмаган. Овчи бува ўз ўлжасини овлаш учун ушбу ҳудудда узоқ қолиб кетар ва ташналикдан қийналарди. Бу масканга сув келиши ва атрофи обод бўлиши Овчи отанинг Ҳазрати Хизр билан кўришиши ва у суққан ҳассадан булоқ пайдо бўлиши билан боғланади.

XIX аср охирига қадар қалин ботқоқ, овчилик учун қулай жой бўлган ҳудудда 1930-1970 йилларда зовур қазилиб, экин жойларига айлантирилган. 1982 йилларда бу ерга иморатлар қурилди. 2010 йилдан кейин айвонлар бунёд этилди. Ҳозирда бу ерда қишлоқ тадбирлари, умумхалқ байрамлари, турли тантаналар ўтказиб келинмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1337 times

Янгиликлар

Top