Ўзбекистон янгиликлари

«Бори элга яхшилиғ қилғилки,  мундин яхши йўқ»

 

Яратган Парвардигоримизга беадад шукрлар бўлсин, бугунги кунимиз кечагидан, эртамиз бугунимиздан кўра фаровон, турмушимиз янада маъмур бўлиб боряпти. Бунинг тасдиғини ҳар қадамда учратиш мумкин. Албатта, бундай муваффақиятлар замирида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан узоқни кўзлаб олиб борилаётган хайрли ишлар мужассам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги бир гуруҳ таниқли уламолар бугун пойтахтимизнинг Олмазор, Шайхонтоҳур, Миробод, Мирзо Улуғбек, Яккасарой, Янгиҳаёт ва Сергели туманларига ташриф буюришди.

Ташриф давомида маънавий-маърифий учрашувлар, ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар, таниқли уламолар иштирокида жоме масжидларда суҳбатлар ўтказилиши ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш каби хайрли ишларни амалга оширилди.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов Мирзо Улуғбек туманидаги “Олтинтепа” жоме масжидига ташриф буюриб, намозхонлар биан учрашди, уларга сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди:

  • Бугун юртдошларимиз, мўмин-мусулмонларимиз ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ шукр қилишлари керак, – дейди муфтий ҳазратлари. – Чунончи, ҳаётимиз чек-чегарасиз моддий-маънавий неъматлар билан тўла. Илм-маърифат, соғлик, мол-давлат, фарзанд, қадр-қиммат сингари инъомлар билан сийланганмиз. Буларнинг барчаси тафаккур ва тадаббур қилишга ундайди. Неъмат етганда унинг шукрини унутиш, мусибат етганда эса умидсизликка учраб, туғёнга кетиш заиф ва иродасиз кишилар ишидир.

Суҳайб розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Мўминнинг иши ажойиб. Унинг барча иши яхшиликдир. Бу фақат мўмин учунгина хосдир. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, бунинг учун унга яхшилик бўлади. Агар унга зарар етса, сабр қилади, бунинг учун унга яхшилик етади(Имом Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Шундан келиб чиқиб, ҳар биримиз бугун шукрни янада кўпайтиришимиз керак. Зеро, кўп шукр нематларнинг зиёда бўлиши омилидир.

* * *

Шунингдек, бугун пешин намозига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков “Коҳ ота бузруг”, Жалолиддин домла Ҳамроқулов “Усмон ибн Мазъун”, Шукрулло домла Эгамбердиев “Минор” ва Аброр Мухтор Али “Имом ат-Термизий” жоме масжидларига ташриф буюриб, мўмин-мусулмонларга “Шукрнинг фазилати ва юртимизда диний-маърифий соҳаларда амалга оширилаёган ислоҳотлар” мавзусида чиройли маърузалар қилиб беришди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси бош директори ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари бугун пешин намозида Яккасарой туманидаги “Яккасарой” жоме масжидига ташриф буюриб, ҳудуддаги “Яккасарой”, “Тўқимачи” ва “Мерос” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисига “Шукрнинг фазилати ҳамда юртимизда диний-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти” мавзусида маъруза қилиб бердилар.

Иброҳимжон домла Иномов, устоз Салоҳиддин домла Шарипов ва  бир гуруҳ уламолар Тошкент шаҳрининг “Қўйлиқ ота”, ва “Валихўжа ўғли Норхўжа” масжидларига бориб, мўмин-мусулмонлар билан дилдан суҳбатлашди.

Уламоларнинг ташрифидан хабар топган мухлис мўмин-мусулмонлар масжидларни тўлдиришди. Маърузалар сўнгида намозхонлар олимлардан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.

* * *

Ҳар бир кишининг ўзига яраша ташвиши, муаммоси бўлади. Ана шундай кишиларга кўмаклашиш динимиз амридир. Зеро, ҳадиси шарифда: “Ким бу дунёда бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ таоло охиратда унинг ташвишларини аритади”, дейилган (Имом Табароний ривояти).

Таниқли уламолар Олмазор туманидаги “Эски шаҳар”, “Умид” ва “Шодиёна” маҳаллалари аҳолиси билан учрашиб, уларни қийнаётган муаммоларнинг бартараф этилишига кўмаклашди.

* * *

Пойтахтимиз маҳалларига ташриф жараёнида аёллар, отинойилар ҳамда Тарғибот  гуруҳлари аъзолари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Бугунги ташриф асносида Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Омила Арипова, Ўзбекистон мусулмонлари  идораси маъсул ходими Марямхон Абдуллаева Сергели, Янгиҳаёт ва Олмазор туманлари маҳаллаларида бўлишди.

Улар Тарғибот гуруҳлари раҳбарлари, ҳудудларга бириктирилган отинойилар ҳамда маҳалла фаоллари билан биргаликда Сергели туманидаги “Соҳибқирон” маҳалласида, Янгиҳаёт туманидаги 285-мактабда хотин-қизлар билан учрашувлар ўтказишди.

Олмазор туманидаги “Эски шаҳар”, “Умид” ва “Шодиёна” маҳаллаларида яшовчи оилаларга кириб, улар билан мулоқот қилиб, дилдан суҳбатлар уюштиришди.

Аҳолига юртимизда инсон манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар, хотин-қизларга қаратилаётган эътибор ҳақида сўзлаб беришди.

* * *

Ташрифлар давомида “Вақф” хайрия жамоат фондига моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган ҳеч бир оила эътибордан четда қолмади. Бундай оилаларнинг ҳар бирига фонд томонидан ажратилган пул маблағлари ҳамда совға томонидан саломлар етказиб берилди.

* * *

Бир кунлик ташрифлар фақат ана шу хайрли ишлар билангина чекланиб қолмади. Яна қанчадан-қанча одамларнинг кўнглига илиқлик кирди, маҳаллалар аҳолисининг, мўмин-мусулмонларнинг маънавияти, маърифати юксалди. Энг муҳими, уламоларнинг ибратли маърузалари, савол-жавоблар барчага бирдек манзур бўлганини уларнинг: “Яна тез-тез келиб туринглар”, деганидан ҳам билиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, бундай хайрли ташрифлар ҳазрат Алишер Навоийнинг “Одамий эрсанг, демагил одами, ониким, йўқ халқ ғамидин ғами” деган ҳикматининг ҳамда Заҳириддин Муҳаммад “Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ”, деган сўзларининг амалдаги инъикосидир. Зеро, халққа, юртдошларимизга хизмат қилиш инсонийликнинг олий мезонидир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент шаҳар вакиллиги

Матбуот хизмати

Read 1084 times

Янгиликлар

Top