Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат “Олтинтепа” жоме масжидига ташриф буюрдилар

Аввал, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ташрифлари давом этаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўтган куни муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги уламолар Тошкент шаҳридаги “Олтинтепа” жоме масжидига мўмин-мусулмонлар билан бирга-бирга пешин намозини адо этиш учун ташриф буюрдилар.
“Олтинтепа” жоме масжиди имоми Исломиддин домла Зуҳриддинов қавмга чиройли суҳбат ва дуолар қилиб бериш учун муфтий ҳазратлари ташриф буюрганларини билдириб, сўзни у кишига берди.
Муфтий ҳазратлари ўз мавъизаларида бугунги кунда мўмин-мусулмонларга муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида жуда катта имкониятлар берилаётгани, шароитлар ҳозирланаётгани ҳақида гапириб, диний-маърифий соҳада қилинаётган ўзгаришлар, янгиланишлар ва хушхабарлар ҳақида сўзлаб бердилар.
Файзли мавъизада муфтий ҳазратлари намозхонларга бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган муборак динимиз тараққиёти йўлидаги хайрли ишлар, янги-янги ижроотлар, хушхабарлар ва бундай неъматларга ҳар бир киши туну кун Парвардигорга шукрона қилиши лозимлигини айтиб, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”, мазмунидаги ҳадиси шарифларини изоҳлаб бердилар.
Айни кунларда бутун дунёга катта ташвиш бўлиб турган коронавирус пандемияси даврида инсон саломатлик ва хотиржамлик неъматини янада теранроқ англашини муфтий ҳазратлари билдирдилар. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ таолонинг синови экани, инсон тинчлик ва саломатликни қадрига доимо етиши зарурлигини ўқтирдилар.
Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, Тошкент шаҳридаги 120 дан зиёд жоме масжидлар кундан-кунга обод бўлиб бораётгани, хусусан, “Сирож Солиҳ”, “Сузук ота”, “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Имом Термизий” каби жоме масжидлар янгидан қурилганини сўзлаб бердилар.
Муфтий ҳазратлари Давлатимиз Раҳбари раҳнамоликларида диний соҳадаги ўзгаришлар, янгиланишлар ҳақида сўз юритиб, хусусан, Мир Араб мадрасасининг дунёдаги нуфузини инобатга олган ҳолда олий мақомга кўтарилгани, 500 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўрилаётгани, Халқаро Ислом академияси, Ҳадис илми олий мактаби, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, илмий мактаблар ўз фаолиятлари йўлга қўйилгани, яқинда ташкил этилган Имом Термизий ўрта-махсус ислом билим юрти тўрт йилдан кейин олий бўлиши, Имом Бухорий ҳазратларига мос шаклда мажмуа қайта бунёд этилаётгани, Етти Пир обод қилинаётгани ҳақида сўз қилиб бердилар. Мана шундай ўзгаришларни кенг халқимиз, айниқса, ёшларимизга етказиш зарурлиги тўғрисида гапирдилар. Ёшларимиз фақат имом-хатибларга эргашишларини алоҳида таъкидладилар.
“Олтинтепа” жоме масжидига жамланган намозхонлар муфтий ҳазратларидан дилни қувонтирадиган янгиликлар ва имону ихлосни бойитадиган сўзларни тинглаб, ўз миннатдорликларини изҳор этдилар.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1161 times

Янгиликлар

Top