Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон тарихий қадамжолар кўплиги бўйича етакчи 10 мамлакат қаторида туради

Мамлакатимизда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраб-авайлаш ва уларни ўз ҳолича келажак авлодларга етказиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Соҳанинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, олиб борилаётган амалий ишлар изчиллигини таъминлашга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиняпти.

Жумладан, 2021 йил 19 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда соҳани инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, бир қатор вазифалар белгилаб берилди.  

Мазкур қарор мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифаларнинг аҳамияти ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жамшид Қосимов билан суҳбатлашдик.  

– Юртимиз ўзининг тарихий обидалари, қадимий ёдгорликлари, бой маданий мероси билан дунё ҳамжамиятини доимо қизиқтириб келган. Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ҳамда тарихий қадамжолар кўплиги бўйича етакчи ўн мамлакат қаторида туради. Ҳозирги кунда юртимизда турли даврлар ва цивилизацияларга оид 7 мингдан ортиқ ёдгорлик бор. Уларнинг ҳар бири ўзига хос маҳобати ҳамда улуғворлиги билан ажралиб туради. Буюк ипак йўли марказида жойлашган, бой тарихий ҳамда маданий ўтмишга эга юртимизда мазкур йўналишни жадал юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 19 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда соҳани инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ноёб ва нодир маданий меросимизни асраб-авайлаш, реставрация қилиш ҳамда соҳани инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда ривожлантиришга хизмат қилади. Қарор билан Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида Маданий мерос агентлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ташкил этилди. Унинг зиммасига қатор вазифалар юклатилдики, бу соҳада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштиришга хизмат қилади.  

Афсуски, юртимизда ҳали рўйхатга олинмаган, муҳофазаси таъминланмаган маданий ёдгорликлар, зиёратгоҳлар кўп. Янги ташкил этилган ушбу Агентлик зиммасига нафақат моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, балки моддий маданий мерос объектларини аниқлаш, ҳисобга олиш, муҳофаза қилиш, тарғиб қилиш, давлат реестри, электрон каталоги, паспорти ва давлат кадастрини юритиш, қўриқланадиган теграларини белгилаш ҳамда соҳада давлат назоратини амалга ошириш вазифалари юклатилмоқда. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, моддий маданий мерос объектларидан оқилона фойдаланиш мақсадида уларни давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш механизми жорий этилади. Бу, албатта, соҳа ривожига замин бўлади.  

– Қарорда маданий мерос объектлари муҳофазаси билан бирга, музейлар, археология, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар соҳасида ҳам вазифалар белгиланган. Бу йўналишларда қандай янгиликлар кўзланмоқда?

– Маданий мерос агентлиги эндиликда мазкур йўналишда давлат назоратини амалга оширади. Жумладан, миллий музей фондининг давлат каталогини юритиш, музей ашёлари ва музей коллекцияларини миллий музей фонди таркибига киритиш, ундан чиқариш, универсал ҳуқуқий ворислик тартибида ёхуд бошқа усулда бир шахсдан иккинчи шахсга ўтказиш ишларини амалга оширади.

Дунё тажрибасига кўра, соҳани рақамлаштириш ва замонавий ахборот технологияларини жорий этиш долзарб аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, Агентлик музейлар, археология, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар соҳасида тубдан янгича ёндашувлар асосида бурилиш ясаши керак бўлади. Ана шу жараёнларда яна бир масъулиятли вазифа борки, бу ҳам бўлса, тарихий-маданий ҳудудлар, лозим бўлса маҳаллалар, ёдгорликларнинг тарихий-маданий қиммати, ноёблиги, табиий ландшафти ва ўзига хослигини сақлаб қолиш. Агентлик ўз фаолияти давомида тарихий жойларни Умумжаҳон мероси рўйхатига киритишга тавсия этиш, Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция талаблари, ЮНЕСКО, Умумжаҳон мероси маркази, Умумжаҳон мероси қўмитаси тавсияларининг мамлакат ҳудудида бажарилишини назорат қилиш ишларини ҳам амалга оширади.  

– Афсуски, тарих силсиласида кўплаб моддий ва номоддий маданий мерос объектлари талон-тарож қилинган, хорижга олиб чиқиб кетилган. Бу борада Агентлик зиммасига қандай вазифалар юклатилмоқда?

– Дарҳақиқат, тарихдан маълумки, турли босқинлар, талон-тарожликлар натижасида мамлакатимиздаги нодир қўлёзмалар, ноёб топилмалар, тарихий осори-атиқалар хорижга олиб кетилган. Агентлик мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид хориждаги ушбу маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базасини яратиш, мунтазам янгилаб бориш ҳамда асл ёки кўчирма нусхалари, фото ва видеотасвирларини юртимизга олиб келиш ишларини бажаради.  

Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш жоизки, сўнгги пайтларда баъзи бир тарихий аҳамиятга эга объектларнинг қаровсиз қолдирилгани, бошқа мақсадларда фойдаланилаётгани ёки бузиб юборилаётгани борасида кўплаб эътирозлар, баҳс-мунозаралар келиб чиқмоқда. Шу нуқтаи назардан қаралганда, Агентликка соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик ёки қонун бузилишларини бартараф қилиш ҳақида тегишлича ёзма равишда огоҳлантиришлар ва ижро этилиши мажбурий кўрсатмалар бериш ваколати берилаётгани айни муддао бўлди.  

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори халқимизнинг бой маданий меросини асраб-авайлашни янада кучайтириш ҳамда соҳани замон талабларига монанд ривожлантиришга хизмат қилади. Зеро, тарихни асраш ва уни келгуси авлодларга етказиш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир.

 

ЎзА  

Муҳтарама Комилова  

суҳбатлашди

Read 1082 times

Янгиликлар

Top