Ўзбекистон янгиликлари

Маърифий ислоҳотларнинг фаол тарғиботчилари

Муқаддас ислом динимизнинг маърифатпарвар ва тинчликпарвар ғояларини халқимизга етказишда оммавий ахборот воситаларининг ҳам ўзига хос ўрни бор.

ЎзА хабарига кўра, бу жараён журналистлардан билим, масъулият ва маҳорат талаб этади.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бўлиб ўтган маърифий тадбирда шу ҳақда сўз борди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбари Давронбек Махсудов мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган маънавий-маърифий ислоҳотлар тобора кенгроқ қулоч ёзаётганини таъкидлади. Бу жараёнда буюк аллома боболаримизнинг бой маънавий, илмий меросини ўрганиш, тарғиб этиш, улар фаолиятини пухта ўрганишга ихтисослашган марказлар ташкил этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази тараққиётнинг янги босқичига интилаётган ўзбек халқининг маънавий-маърифий баркамоллигини юксалтиришга хизмат қилиши билан бир қаторда, Учинчи Ренессанс даврининг илмий пойдевори вазифасини бажарувчи илм-маърифат масканларидан бири бўлиши, шубҳасиз.

Бугунги кескин глобаллашув даврида, инсоният турли давр синовлари билан рўбарў бўлаётган бир пайтда Имом Мотуридийдек алломаларимиз меросини халқчил, ҳаётий, равон тарзда ҳамюртларимиз, айниқса, ёшларга тушунтириш олимлар, тадқиқотчилар, оммавий ахборот воситалари ходимларидан катта масъулиятни талаб этиши, шубҳасиз. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бу борада журналистлар, турли оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорликни кенг йўлга қўйган.

– Ўзбекистон буюк алломалар диёри, –деди "Дунё бўйлаб" телеканали муҳаррири Фаррухбек Олимов.– "Имом Мотуридий" , "Абу Муъин Насафий" номли фильмларни яратиб, уларни томошабинларга ҳавола этдик. Буюк алломаларимиз меросини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида биз – оммавий ахборот воситалари ходимларининг вазифалари ҳали бисёр, деб биламан.

Тадбирда маънавий-маърифий мавзуда қалам тебратаётган тадқиқотчилар, журналистлар, блогерларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1077 times

Янгиликлар

Top