Ўзбекистон янгиликлари

Узоқ яшашни, ёш кўринишни истайсизми?

“Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобини ўқир эканман, муаллиф энг долзарб масалага айланган ахборот хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларнинг ечимига доир қувватли далиллар – Қуръони карим оятлари, саҳиҳ ҳадислар, маъмурий ва жиноий  жавобгарликка тортувчи моддалар,  воқеий ҳикоялар келтирганига гувоҳ бўлдим. Асарнинг ҳар саҳифаси тагидан “билиб олинг” рукнида  уламоларимизнинг доно насиҳатлари жой олган. Китобни ўқиган сари янги-янги маълумотларга эга бўласиз.

Умуман олганда, китоб ўқиш  инсонни буюклик сари етаклаши ҳақ гап. Аммо ҳозирги кунда баъзи  ёшларимиз, ёши катталар, ҳаттоки аёлларимиз орасида  китобни бир четга улоқтириб интернетга  муккасидан кетиш ҳолатлари учраётгани ачинарли.

Раҳматли Ғуломқодир ҳожи Юнусов  “Дониёр бин Озод” жоме масжидига асос солган эдилар. У киши қачон бўш қолсалар мутолаа қилар эдилар. 90 ёшга кирганларида ҳам кўзойнаксиз китоб ўқиганлар. Бугун ўйлаб қарасам, у кишининг узоқ умр  кўришлари ҳамда тетик юришларининг сабаби кўп китоб ўқиганларидан экан.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев  “Ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз” деб таъкидладилар.  Бу мақсадга эришишнинг асосий омилларидан бири китобхонлик маданиятини ошириш, ёшларни китобни севишга ўргатиш зарурлигини алоҳида қайд этдилар. Бу ҳаётий даъват ҳар биримизнинг, ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг онги ва қалбидан мустаҳкам ўрин эгалламоқда.  

Хулоса ўрнида  энг аввало, ёшлар бугунги кунда юртимизда барқарор бўлган тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиб, бу неъматни кўз қорачиғидай асраши мақсадида, тинмай ўқиш ва изланишда бўлиши, китобга меҳр қўйиши керак.  

Махмуджон АБДУСАИДОВ,

Бўстонлиқ туман бош имом-хатиби вазифасини бажарувчи  

Read 6870 times

Янгиликлар

Top